Олдинги сериядаги пуллар – 200, 500, 1 000, 5 000, 10 000, 50 000 ва 100 000 сўмлик пулларимизнинг ўлчамлари бир хил эди — 144×78 мм.
2021 йилнинг июнидан бошлаб Буюк ипак йўли мавзусида чоп этилган сўмнинг янги банкнотлари эса ўзининг замонавий дизайни билан ажралиб турибди. Гарчи унинг дизайни ҳам соҳадан хабардор мутахассисларда саволлар уйғотаётган бўлса ҳам.
Купюраларнинг баландлиги бир хил — 69 мм бўлса-да, номинал қиймати ошишига қараб уларнинг энига узунлиги 5 миллиметрга ошиб боради: 2 000 ва 5 000 сўмликнинг эни — 142 мм, 10 000, 20 000 ва 50 000 сўмликнинг эни — 147 мм, 100 000 сўмликнинг (ва катта эҳтимолки 200 000 сўмликнинг ҳам) эни 152 мм. Пулнинг ўлчами ихчамлашган, каттароқ номиналдаги суммаларнинг ўлчами узунроқ бўлгани ҳам бир қулайлик.
Пулларнинг ўлчами ихчамлашгани билан, барибир муомалада айрим ноқулайликлар борлигини фуқароларимиз ижтимоий тармоқларда ёзмоқда.
Хусусан, 10 минг сўм ва 20 минг сўмлик банкноталарнинг ўлчами ва ранги ўхшашлиги. Бир боғлам (пачка) 20 минг сўмлик ичига 10 минг сўмлик солиб юборилса — қоронғида, масалан мол бозорларида санашда ажратиб бўлмайди.
Янги 200 минг сўмлик банкнота дизайнида ҳам яна улар каби кўк рангдан фойдаланган.
Иккинчи ноқулайлик, банкнотда қийматни ифодалашда нолларнинг кетма-кет ёзилиши: 100000, 200000 тарзида. Натижада 20 минг сўмлик ва 200 минг сўмликни ажратишда ноқулайлик вужудга келади. Боз устига, пулларимиз лотин алифбосида чиқарилмоқда. Аҳолимизнинг кирил алифбосида саводи чиққан ёши катта қисмида кичик шрифтда ёзилган пулнинг номиналини ўқиш ва ажратишда қийинчилик вужудга келади.

Ҳа, пулларимизнинг ноллари тобора кўпаймоқда. Бундан фожиа ясамаслик керак, бунақа пулларга эга ягона давлат эмасмиз. Қолаверса, 1994 йилнинг 1 июлида сўм муомалага киритилганидан буён деноминация қилингани йўқ.
Бироқ, банкнотада мингни ифодаловчи нолларни ифодалашда бошқа давлатлар қандай йўл тутганига эътибор қаратиб, уларнинг тажрибасидан ҳам фойдаланиш лозим.
Нолларни ажратишнинг учта йўли бор:
1) 10000, 20000, 50000, 100000, 200000 минг сўмлик банкноталарда минглик саноқни билдирувчи учта нолни ажратиш: 10 000, 20 000, 50 000, 100 000, 200 000 тарзида (Ўзимизда 1993 йилда сўм-купон муомалага чиқарилганда шу усулдан фойдаланилган).





































