АҚШ Россия билан ўғитлар ва озиқ-овқат бўйича битимларга рухсат берди
АҚШ санкциялари энди Россия ўғитлари, озиқ-овқат, дори-дармон ва тиббий асбоб-ускуналари билан боғлиқ операцияларга нисбатан қўлланилмайди. Gazprom Germania ҳам чекловлардан озод қилинди.
АҚШ Молия вазирлиги Россия билан ўғитлар, озиқ-овқат, уруғлар, дори-дармонлар ва тиббий асбоб-ускуналар етказиб бериш бўйича операцияларни амалга оширишга рухсат берди. Тегишли ҳужжат 14 июль, пайшанба куни идора сайтида эълон қилинди.
Ҳужжатда таъкидланишича, «қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги техникаси, дори воситалари, тиббий буюмлар ва улар учун бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш, сотиш, ташиш ёки тиббий асбоблар учун дастурий таъминотни янгилаш; COVID-19'нинг олдини олиш, ташхис қўйиш ёки даволаш; давом этаётган клиник синовлар ва бошқа тиббий тадқиқотлар» билан боғлиқ барча транзакциялардан санкциялар олиб ташланди.
Бундан ташқари, АҚШ Молия вазирлиги Альфа-Банкнинг Қозоғистондаги шуъба корхонасига нисбатан санкцияларни бекор қилди ва «Газпром»нинг Германиядаги собиқ шуъба корхонаси Gazprom Germania билан операцияларга вақтинчалик рухсат берди. Securing Energy for Europe (Gazprom Germania номи, ҳозир Германия ҳукумати назорати остида) билан битимлар 16 декабргача рухсат этилади.
Бир кун аввал Истанбулда Россия, Украина, Туркия ва БМТ вакиллари Украина портларидан ғалла экспортини қайта тиклаш масаласи бўйича музокара ўтказган эди. Туркия делегациялар келишувни имзолаш учун келаси ҳафта яна учрашишини маълум қилди.
«Қўшма Штатлар БМТнинг Украина ва Россия ғалласини жаҳон бозорларига олиб чиқиш ва Россиянинг Украинага қарши асоссиз урушининг глобал озиқ-овқат таъминоти ва нархларига таъсирини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлайди», - дея хабар берди АҚШ Молия вазирлиги.