Жамият | 12:25 / 16.07.2022
37877
3 дақиқада ўқилади

«Бўлмагани яхши эди» — нукусликлар намойишлар ҳақида

Kun.uz мухбири Қорақалпоғистонда бўлиб, норозилик намойишлари ва ундан кейин жорий этилган фавқулодда ҳолат режими ҳақида аҳолининг фикри билан қизиқди. Шаҳарда ҳаёт барқарор, бир маромга тушганини кўриш мумкин.

Қорақалпоғистон пойтахтининг марказий кўчалари чорраҳаларида турган қуролланган ҳарбийлар фавқулодда ҳолат режимини сақлашга кўмаклашмоқда. Стратегик бинолар ҳам куч тузилмалари томонидан қўриқланяпти. Мамлакатда ҳали интернет ишламаяпти.

«Ҳозир тинчлик, шунга хурсандман. Уруш эмас, тинчлик бўлгани яхши-ку. Бошқа нима ҳам дейман», – дейди Нукус марказий бозори олдида биз учратган ёши катта йўловчи.

Биз микрофон тутган кўпчилик аҳоли негадир саволларга жавоб бергиси келмади. Уларнинг кўзида қандайдир ҳадик ёки ишончсизлик бор эди. Бундан ташқари, бир неча кун аввал бўлиб ўтган воқеаларнинг даҳшати, табиийки, инсонларга ёмон руҳий таъсир қилган.

Бозорда биз билан гаплашган савдогарлар ҳаёт бир маромга тушгани, мижозлар яна кўпайиб қолганини айтди.

Куннинг иккинчи ярмида, кун салқинлагач, Нукус марказий майдонига бордик. Бу ерда ҳам одам камроқ. Маҳаллий аҳолининг айтишича, кўпчилик соат 8 бўлмасдан уйга қараб шошади. Чунки 21:00 да бошланадиган* комендантлик соатига қадар уйга етиб олиш учун таксичилар, бозорчилар ҳам эртароқ ҳаракат қилиб, ишини тугатишга мажбур бўлишади.

«Шахсий фикримни айтсам, бизга [Конституциянинг Қорақалпоғистонга оид] моддалари ўзгармаса бўлди. Халқ шунда рози бўлади. Президентимиз келиб, бу моддалар ўзгармаслигини айтиб кетди.

Комендатура бўлса, нима ҳам қиламиз. Шартга бўйсунамиз, президентимизнинг айтганини қиламиз”, – дейди хиёбондаги йўловчилардан бири.

«Бу ерда яшайдиган миллатлар шунча вақт бир тан бўлиб яшаб келган. Билмадим, кўз тегдими, шундай ишлар бўлиб қолди. Ҳаммамизни юрагимизга қаттиқ таъсир қилди.

Комендатуранинг таъсири фақат шу тунги вақтда юролмаслик орқали сезиляпти. Қолган пайти ҳаммаси ўз ўрнида давом этяпти. Фақат блок-постлардаги текширув вақтининг чўзилиши ва иссиқ таъсирида кўпчилик асабийлашиши мумкин”, – дейди Қорақалпоғистон нуронийлари етакчиси Турсунбой Абдужабборов. 

*Сўровнома ўтказилган вақтда комендатура соати тунги 21:00 дан эрталаб 07:00 гача эди. Яқинда комендатура соатлари 23:00 дан эрталаб 05:00 гача қисқартирилди.

Мавзуга оид