Жамият | 16:46 / 16.07.2022
19425
3 дақиқада ўқилади

«Ҳажга бориб-келиш мансаб эмас» — Ҳожиларни кутиб олишдаги исроф ва кибр ҳақида

Ҳажга бориб-келиш – мансаб ёки элга хизмат эмас, балки инсон ўзи учун қилган амали, хокисорликнинг чўққисидир. Ҳажга боргандан фахрланиш, «Ҳожи ака» демаса хафа бўлиш, дабдаба билан кутиб олишни талаб қилиш ҳеч тўғри иш эмас», – дейди Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид.

Kun.uz ҳаж ибодати, унинг ҳикматлари, ҳожиларга бериладиган савоблар, Ҳаж қилишдаги ният ҳамда ушбу улуғ зиёратга доир халқимизни қизиқтирган масалалар юзасидан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид имом-ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид билан суҳбат уюштирди.

— Ҳаждан қайтган зиёратчиларни дабдаба билан кутиб олиб, ҳатто ҳафталаб зиёфат беришади. Умуман ўзи Ҳаждан қайтгандан кейин қандай амаллар тарғиб қилинади?

— Ҳаж бу битта фарзни бажариш. У мансаб ёки элга хизмат эмас, инсон ўзи учун қилган амали. Бу хокисорликнинг чўққиси бўлгандан кейин кибрга сабаб бўлмаслиги керак. Ҳажга боргандан фахрланиш, Ҳожи ака демаса хафа бўлиш, дабдаба билан кутиб олишни талаб қилиш ҳеч тўғри иш эмас.

Лекин Ҳаж исломнинг шиори бўлгани учун уни улуғлайдиган ишлар марғуб. Масалан, Ҳажга бориб келган одамга бошқалар эҳтиром қилиши мумкин, лекин буни Ҳожининг ўзи талаб қилиши мумкин эмас. Бу шахс учун эмас, амал учун эҳтиром бўлади. Кейин, Ҳожига кўрсатилган эҳтиром ҳам унинг ўзига юқори баҳо бериб, амалини ҳабата (бекор бўлиб кетиши маъносида) қилиш эҳтимоли бўлса, унга эҳтиром кўрсатилиши зарар қилиши мумкин.

Учинчидан, Ҳаждан келаётган одам учун кўчанинг бошидан гилам ёзиб, бошқаларнинг ҳақларини поймол қилиб, инсонларга қилинмайдиган улуғлашларга айланмаслиги керак. Ёки исрофга сабаб бўлмаслиги керак. Ҳатто Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтганларки: “Мен ўлсам, менга янги мато истаб юрманглар, эски кийимимни кафанланглар, янги матога тириклар ҳақли”, деганлар.

— Ҳажга борган одамни зиёрат қилиш тартиби қандай бўлади?

— Унга Ислом шиорини адо қилгани учун табрик, у олган руҳий қувватдан қувват олиш ният қилинади. Руҳий қувватнинг инсондан инсонга таъсири бор. У одамдан дуо олиш, покланган одам дуолари ижобатга яқин бўлади. Ҳарамда юрган одам нурланиб кетади, ўша зиёдан баҳра олиш ният қилинади.

Зиёрат ўзи асли ибодат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Қиёмат куни шундай нурдан бўлган тахтларда, нурдан бўлган кийимларни кийиб, нур таралиб турган кишилар бўлади”. Булар кимлар, пайғамбарларми ё шаҳидларми, дейишади. Шунда: “Булар бир-бирини Аллоҳ учун зиёрат қилган одамлардир”, дейилади.

Тўлиқ суҳбат билан юқоридаги видеода танишиш мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси Абдуқодир Тўлқинов.

Видеолавҳа ва мақоладаги диний матнлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тегишли экспертиза хулосалари асосида тайёрланган.

Мавзуга оид