Бугун, 20 майга қадар Дин ишлари бўйича камида 2 маротаба Ҳаж сафарини ташкил этиш тартиби ҳақида хабарнома эълон қилди. Расмий ташкилотнинг иккала баёноти ҳам Ҳаж ибодатини ташкил этиш бўйича интернетда тарқалаётган реклама ва эълонлар асоссиз экани ҳақида.

Баёнотларда, Ўзбекистонда Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли қарори асосида бевосита Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилиши эслатилган.

Шунингдек, расмийлар Саудия Арабистони қонунчилигида ҳам Ҳаж сафари дунё давлатларининг ваколатли ташкилотлари тузилган шартнома асосида амалга оширилишини билдирмоқда. Мазкур келишувлар асосида ташкил этилмаган зиёратга бориш Ҳажнинг муҳим рукнлари бўлмиш – Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида ибодат қилиш имкониятидан маҳрум қилиш мумкин.

Бундан ташқари, идора зиёратга ноқонуний йўллар билан боришга интилиш қиролликдан депорт қилиш ва жарима жарима солишга сабаб бўлишини таъкидлаган.

Хўш, аслида вазият қандай? Дин ишлари бўйича қўмитанинг баёнотлари нимадан дарак?

Аслини олганда, қўмита қайта-қайта эслатаётган ҳукумат қарорида Умра зиёрати ҳам бу икки ташкилот зиммасида. 2022 йил март ойида Мусулмонлар идораси Умрага бўлган юқори талабни инобатга олиб, бу хизмат қисман сайёҳлик фирмаларига берилишини билдирган эди. Натижасини ўзингиз кўриб турибсиз, хусусий секторга ўтган хизмат кўрсатиш анча жонланди ва пулингизга қараб таклифлар ҳам жуда кўпайди. Асосийси, рақобат фақат ривожланишга сабаб бўляпти.

Ўтган йили, шунингдек, Мусулмонлар идораси ҳукуматнинг мазкур қарорига ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар ишланаётганини айтган эди. Лекин, бу гап ҳам гаплигича қолиб кетди. Яъни қисқа қилиб айтилса, ҳукумат қарорида – Умрага ҳам, Ҳажга ҳам сайёҳлик фирмалари олиб бориши мумкин эмас. Лекин, масъуллар бу қарорни хоҳласа бир қисмига амал қилиб, Ҳажни сайёҳлик фирмаларига бермаяпти. Ва яна бир қисмига амал қилмасдан, Умрани сайёҳлик фирмаларига бериб юборган. Бу ерда қонун талаби эмас, масъулларнинг хоҳишлари ишлаяпти деб, ўйлаб қоласан.