«Россия Украинага қарши шафқатсиз урушни давом эттирмоқда ва шу боис бугун Кремлга қарши янги санкциялар киритиш, амалдагиларининг бажарилиши устидан назоратни кучайтириш ва уларни 2023 йил январгача узайтиришни таклиф қиламиз. Тажовузкорлик Москвага қимматга тушиши шарт», деди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен.

ЕИ мамлакатлари элчилари «олтин пакет »ни тасдиқлаш учун янаги ҳафта – ёзги таътиллар олдидан охирги иш ҳафтасида йиғилади.

Янги пакет аввалгиларига нисбатан камтарроқ. Reuters агентлигининг  Еврокомиссиядаги манбаларидан бири уни ҳатто еттинчи эмас, «олти яриминчи» пакет деб атади.

Венгриянинг қайсарлиги сабабли аввалги «нефт пакети» бўйича дарҳол келишиш имкони бўлмаганди. Натижада нефт эмбаргоси қисман бўлди ва бир неча ойларга ортга сурилди. 

Венгрия тинчланмади – жума куни ушбу мамлакат бош вазири Виктор Орбан маҳаллий радиода санкциялардан шикоят қилди. 

«Санкциялар Украинага ёрдам бермаяпти, Европа иқтисодиётига зарар келтиряпти ва агар шундай давом этадиган бўлса, санкциялар уни адо қилади. Бунга тоқат қилиб бўлмайди», дея Орбандан иқтибос келтиради Reuters.

Энергетика масалалари бўйича еврокомиссар Марош Шефчович эса ЕИ чидай олишига ишонмоқда. 

«Мен иттифоққа аъзо мамлакатларнинг бундай бирдамлигини ҳеч қачон кўрмаганман. Майли, бизга қийин бўлсин, аммо биз тўхтаб қолмаймиз, чунки ҳозир ўз эрки учун курашаётган украинларга қийинроқ», деди у.

Кескинлаштириш ва юмшатишлар

Санкцияларнинг еттинчи пакетида олтин импортига тақиқ билан бирга, ЕИ украинларни ўлдириш, йўқ қилиш ва уларнинг мамлакатини эгаллаб олишда Владимир Путиннинг шериклари деб ҳисоблайдиган шахслар рўйхати кенгайтирилади. 

Фото: Reuters

Бундан ташқари, ЕИ Россияга қурилмалар ва нефт-кимё маҳсулотлари етказиб бериш бўйича тақиқларни кучайтиради, Россия савдо флотига қарши санкцияларга оид истисноларга эса аниқлик киритилади, деб хабар берди Еврокомиссия.

Россия ва Африканинг айрим мамлакатлари Ғарбни санкциялар туфайли дунёдаги озиқ-овқат инқирозини кучайтиришда айбламоқда. ЕИ бу айбловни инкор этмоқда ва Россия кемаларининг Европа портларига киришига қўйилган тақиқ ғалла ва озиқ-овқатга нисбатан татбиқ этилмаганини таъкидламоқда. Аммо айрим трейдерлар Россиянинг санкциялар остига тушган давлат компанияларига аффилланган юк ташувчиларнинг юкларини қабул қилишдан бош тортмоқда ва энди ЕИ уларга рухсат беради.