Путин Эрон президенти Иброҳим Раисий ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан уч томонлама учрашувда иштирок этади, шунингдек, ушбу етакчиларнинг ҳар бири билан алоҳида учрашувлар ўтказади. У сафари доирасида Эрон диний раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаий билан бешинчи бор учрашади.
Шахсини сир сақлашни сўраган туркиялик амалдорларга асосланган нашрларнинг ёзишича, Теҳронда буғдой экспорти, Сурия ва Украина масалалари муҳокама этилади.
Путин Украинада уруш бошлангач, халқаро ташрифларини чеклаб қўйганди. Июн ойида у февралдан буён илк ташрифини амалга ошириб, Тожикистон ва Туркманистонга келганди.
Санкцияларга кўникиш
Экспертларнинг ҳисоблашича, мазкур ташриф кўп йиллар давомида Ғарб санкциялари остида қолган ва Москванинг кам сонли иттифоқчиларидан бири бўлган Эрон билан алоқаларни чуқурлаштириш имконини беради.
Аввалроқ Кремл расмийси Дмитрий Песков Россия ва Эрон санкцияларга кўникканини айтиб ўтди. «Эрон кўп йиллардан буён у ёки бу турдаги санкциялар остида бўлиб келган ва Эрон ривожланиш, ўз халқи фаровонлигини оширишга яхши мослашган», деган у.
Россия Украинадаги уруш бошланиши ортидан қатъий санкцияларга дучор бўлди. Эрон ҳам, Туркия ҳам бундай санкцияларга қўшилмаган.
Кейинги ҳафтада Ғарб давлатлари элчилари санкцияларнинг янги пакетини тасдиқлаш учун йиғилади. Бу вақтда, Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, Москва ва Теҳрон янги давлатлараро келишув лойиҳаси устида ишламоқда.
Эрон дронлари
Путин Эронга ташрифини Теҳроннинг Россияга юзлаб учувчисиз учиш қурилмалари, жумладан, жанговар мақсадларда қўлланадиган дронлар етказиб беришни режалаштираётгани ҳақидаги хабарлар фонида амалга оширмоқда. АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Россия делегацияси ўтган ойда Эронга келиб зарбдор дронлар билан танишгани ҳақида айтганди.
«Эрон ҳукумати Россияни тезкор равишда бир неча юзтагача учувчисиз учиш қурилмалари, жумладан, қурол олиб юришга қодир бўлган жанговар аппаратлар билан таъминлашга тайёрланмоқда. Бизнинг маълумотларимиз яна шуни кўрсатадики, Эрон россиялик ҳарбийларни бундай учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланишга ўргатмоқчи», деган у.



















