Ҳукуматнинг шу йил 19 майдаги 271-сонли қарори билан умумтаълим мактабларида ягона мактаб формасига ўтиш 2022/23 ўқув йилидан мажбурий қилинди. Хўш, тикувчилик корхоналари 6,6 миллионлик талабни қондира оладими?

Вазирлар Маҳкамасининг машҳур 666-сонли қарори билан мактаб формалари дизайни тасдиқланганига 4 йил бўлмоқда. Унга кўра, кичик ёшдаги 1-6-синф ўқувчилари учун алоҳида ва юқори 7-11 синф ўқувчилари учун бошқача формаларнинг ягона дизайни тасдиқланган.

Мактаб формаларининг тасдиқланган дизайни

Халқ таълими вазирлиги ташаббуси ҳамда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан ҳамкорликда журналистлар учун Наманган вилоятидаги корхоналарда тикилаётган мактаб формаларини бориб ўрганиш мақсадида пресс-тур ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳукуматнинг 2018 йил 15 августдаги «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 666-сонли қарори билан ягона мактаб формаси жорий этилиши аҳолининг катта қисмида эътироз келтириб чиқаргани сабабли бироз кечиктирилган ва 2024/25 ўқув йилидан жорий этиш белгиланганди. Ҳукуматнинг шу йил 19 май санасидаги 271-сонли қарори билан янги ўқув йилидан мактаб ўқувчиларини мажбурий мактаб формасига ўтказиш белгиланди.

ХТВ маълумотига кўра, 2022/23 янги ўқув йилида Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларда 6 млн 620 минг нафар ўқувчи таълим олади ва уларнинг барчаси мактаб формаси билан таъминланиши керак.

Хўш, мактабларда ягона мактаб формаси нега жорий этилмоқда? Халқ таълими вазирлиги маънавият бошқармаси бошлиғи Жамолиддин Фозиловнинг тушунтиришича, ягона форма жорий этишдан кўзланган бош мақсад мактаб ўқувчилари ўртасида ижтимоий тенгликни жорий этишдир. Яъни мактабда ўқувчилар ким қандай кийиниб келганига чалғимасдан, фақат билим олиш билан шуғулланишлари керак.