21 июл куни Марказий банк бошқаруви асосий ставкани бир бандга пасайтириб, 15 фоиз этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилгач, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Нурмуродов пул ўтказмаларининг кескин ошгани ва бунга рубл босимининг таъсири ҳамда регулятор қандай чоралар кўриши кутилаётгани ҳақидаги саволга жавоб берди.
Регулятор раҳбари пул ўтказмалари ошганининг бир нечта сабабини санади.
“Биринчидан, апрел ойидан бошлаб халқаро майдонда сезиларли ўзгаришлар бўлди. Йилнинг биринчи ярмида пул ўтказмалари ўтган йилгига қараганда 2 баробарга ўсди. Ҳамма давлатлардан келиб тушадиган пул ҳажмларида ўсиш кузатяпмиз. Ўсишнинг асосий қисмини Россиядан келадиган пул ўтказмалари ташкил қилади.
Трансчегаравий пул ўтказмаларининг таркибига қарайдиган бўлсак, 199 миллион доллари Россия рублида келиб тушган. Баъзан ўқиб қоламан: Россиядан рубл келиб, Ўзбекистондан доллар чиқиб кетяпти деган фикрлар бор, лекин бу атиги 3 фоизни ташкил қилади.
Сизга қизиқ томони, 199 миллион доллар эквивалентидаги рублнинг 87 фоизи сўм тариқасида олинган. Бизда бешта банкимиз Россия банклари билан P2P орқали пул ўтказмаларини йўлга қўйган, бу ўша йўналишлар орқали келган пуллар бевосита аҳолига сўм тарзида берилаётганини кўрсатди.
Иккинчидан, кейинги эътибор берилиши керак бўладиган нарса шуки, ўша келаётган валютанинг ички бозорда қай шаклда ҳаракатланаётгани ҳам жуда муҳим. 6,5 млрд долларлик пул ўтказмалари келган, қарийб 5,6 миллион долларлик қисми ички бозорда сотилди. Бу пул ўтказмаларининг ўсиши биз олдинги пул ўтказмаларида инобатга олмаган каналларнинг расмий каналга ўтганидан қисман далолат беради.
Ҳақиқатан шу пайтгача бу борада ҳеч қанақа маълумот чиқармагандик, чунки буни чуқур таҳлил қилиб моҳияти, сабабларини ўрганишга ҳаракат қилдик. Пул ўтказмаларининг кескин ошишига сабаб бўлган ҳолатлардан биринчиси бу – Россияда нақд ва нақдсиз валюта курси ўртасида 30 фоизгача фарқ пайдо бўлди.
Иккинчиси, нақд валютани банклардан сотиб олиш ва топишда ҳам муаммолар юзага келди. Чунки банклар тушган валюта миқдорида сотиш ваколатига эга бўлди. Бир нарсани сездикки, бу чеклаш Россияда меҳнат қилаётган ҳамюртларимизни ким келаётган бўлса ўша орқали нақд пулни бериб юбориш имкониятини чеклаб қўйди. Энди бу ўтказмалар расмий каналлар орқали келишни бошлади.

















