Жамият | 16:28 / 21.07.2022
5192
3 дақиқада ўқилади

Энергетика вазирлиги электр тармоғида юкламалар олдини олиш учун хонадонлар ва офисларга тавсиялар берди

Жорий йил 17-22 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши кучайиши сабабли кундуз кунлари айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 47 даража иссиққача кўтарилиши кузатилмоқда.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб кескин ошади. Электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юклама ортиши ва натижада тармоқда носозликлар келиб чиқиши мумкин.

Аномал иссиқ кунларда электр тармоғида зўриқишлар олдини олиш учун хонадонларга ва офисларга қуйидагилар тавсия этилмоқда:

  • кондиционерлар ишлаётган хонада эшик ва деразаларни ёпиш;
  • кондиционерни автоматик режимда ишлатиш;
  • хонадон соҳиблари иложи бўлса, ҳамма хоналарда эмас, қуёшга тескари бўлган бир ёки икки хонада кондиционер ишлатиб, ўша хоналарда бўлишлари;
  • кун иссиқ пайтида (соат 12:00 дан соат 20:00 гача) имкон қадар бошқа хўжалик электр буюмлари (электр чойнак, дазмол, чангюткич, микротўлқин ускуна, кир ва идиш ювиш машиналари)ни ишлатмаслик;
  • музлаткич (холодильник)ни қуёш тушмайдиган жойда, деворлардан камида 15 см масофа узоқликда ушлаш;
  • бино қуёш тушадиган тарафидаги деразалар ташқарисидан, хоналарга қуёш тушишини чекловчи матоли ё бошқа материаллардан тўсиқлар қўйиш;
  • шунда қуёш хона ичини эмас, ташқаридаги материални қиздиради. Хона салқинроқ бўлади;
  • дўконлар, электр сарфини камайтириш мақсадида, музлаткичлар ташқи қурилмаларини дўкон ташқарисига жойлаштиришлари таклиф қилинади. Шунда дўкон ичида кераксиз иссиқлик ҳосил бўлмайди ва дўконни совитувчи кондиционерлар ортиқча электр истеъмол қилмайди;
  • ҳар бир хонадон, уй, офис ва дўкон шу муҳофаза чораларини кўрса, ўша ҳудуддаги трансформатор юкламаси ортиши эҳтимоли камаяди.

Билдирилишича, Энергетика вазирлиги ва вазирлик тизимидаги барча ташкилотлар томонидан ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши кунларида истеъмолчиларга энергия ресурсларини барқарор етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.

Ушбу кунларда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи станцияларда захира энергоблоклари ишга қўшилади. Электр энергияси етказиб бериш сифатини ошириш мақсадида жорий йил бошидан 2 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари ва 330 дан ортиқ трансформатор пунктлари янгиланган.

“Ушбу вазиятни тўғри тушунган ҳолда, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш натижасида электр қурилмалари узоқ муддатга ишдан чиқишининг олди олган бўламиз ҳамда энергия ресурслари барча истеъмолчиларга барқарор етиб боришига муносиб ҳисса қўшган бўламиз.

Шу ўринда, истеъмолчилардан электр энергияси таъминоти юзасидан 11-54 қисқа рақами ёки Telegram’даги (@HET_admin) администраторга мурожаат қилишларини сўраймиз”, дейилади маълумотда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид