Жаҳон | 09:26 / 21.07.2022
7455
2 дақиқада ўқилади

Россия суди Евгения Альбац ва The New Times журналини «фейклар» тўғрисидаги қонун бўйича жаримага тортди

Жарималарнинг умумий миқдори 670 минг рублни ташкил этди. Март ойида The New Times бош муҳаррири 120 минг рубль жаримага тортилган эди.

Евгения Альбац / Фото: Picture Alliance

20 июль, чоршанба куни Москванинг Симоновский суди The New Times журнали асосчиси ва бош муҳаррири Евгения Альбацни Россия расмийлари ишончсиз деб атаётган, Украина билан уруш ҳақидаги маълумотни тарқатгани учун жаримага тортди. Жарима миқдори 70 минг рублни ташкил этди. Бу ҳақда ҳуқуқшунос Леонид Соловьевга таяниб, «Агора» инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Павел Чиков ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. 

Бундан ташқари, The New Times журнали юридик шахс сифатида ҳар бири 300 000 рублдан бўлган иккита жаримани тўлаши керак. Журналга нисбатан «фейк» маълумотларни тарқатиш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 13.15-моддаси 9-қисми) бўйича маъмурий баённомалар бўйича маъмурий иш қўзғатилган. Март ойида The New Times бош муҳаррири Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг худди шу моддаси бўйича 120 минг рубль миқдорида жаримага тортилган эди. 

Павел Чиковнинг қайд этишича, иккала ҳолат ҳам Украина билан уруш ҳақидаги матнлар билан боғлиқ бўлиб, 24 февралдан кейин, аммо Россияда «фейк» маълумотлар тўғрисидаги янги қонун қабул қилинган 4 мартдан олдин чоп этилган. Евгения Альбацнинг ўзи твиттерда унга қарши барча ишлар иккита материал билан боғлиқлигини аниқлаштирди. У суд қарорига эътироз билдиришини айтди. 

2018 йилда The New Times журнали ОАВни молиялаштириш ҳақидаги маълумотларни ўз вақтида тақдим этмагани учун 22 250 000 рубль миқдорида жаримага тортилди. Ўшанда Альбац ишни сохталаштирилган деб атади ва жаримани тўлаш учун пул йиғишини эълон қилди. 

Мавзуга оид