Ўзбек талабаларининг оғриқли муаммоларидан бири – бошпанасизлик. Ҳар янги ўқув йили яқинлашар экан, ётоқхоналар билан боғлиқ муаммо кун тартибига чиқаверади.
2021 йил июн ойида олий таълим тизимидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган селекторда президент Шавкат Мирзиёев талабаларнинг ётоқхона муаммосига тўхталганди. Давлат раҳбари талабалар учун қўшимча 149 мингта турар жойга эҳтиёж борлиги ва бу масалани тадбиркорлар билан хусусий шериклик орқали тезда ҳал қилиш мумкинлигини айтганди.
Шундан сўнг, 2021 йил сентябрида қабул қилинган ҳукумат қарори билан, республика бўйича давлат-хусусий шерикчилиги асосида ҳар бири ўртача 400 ўринли жами 228 та талабалар турар жойлари барпо этилиши белгиланганди. 2022 йилда ҳудудларда 47 та ётоқхона қурилиши керак эди.
Аммо...
2022 йилнинг ярмидан кўпи ортда қолди, талабалар ётоқхоналарини қуриш режаси эса деярли бажарилмади. Kun.uz ТТЖларни қуриш жараёнлари қандай кетаётганини ўрганди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, бугунги кунда 2 та ОТМ – Нукус ва Самарқанд давлат университетларида ётоқхоналар қурилиб фойдаланишга топширилган. Бу 2022 йилги режадан ҳозирча 4 фоизи бажарилганини кўрсатади.
ТТЖ қуриш учун тадбиркорларга субсидиялар ажратилганига қарамай, жараён секин кетмоқда. Талабалар контингенти энг катта бўлган Тошкент шаҳрида эса бу борадаги ишлар деярли бошланмаган. Фақат Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида тадбиркор 1 200 ўринли ётоқхона қурмоқда. Режага киритилган бошқа 9 университет бўйича эса ҳали мавҳумлик бор.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошиғи Дониёр Юсупов Kun.uz билан суҳбатда тадбиркорларда ётоқхоналар қуриш лойиҳаларига қизиқиш бўлмаганини таъкидлади.
“Биринчиси, Тошкентда ҳали тадбиркорлар лойиҳаларга қизиқмаяпти. Сабаби бу лойиҳадан кўра кўп қаватли уй қуриб сотишни афзал билишяпти, чунки ётоқхона қуриш – узоқ муддатли лойиҳа.
Лойиҳа тадбиркорлар учун жозибадор эмас ҳам дея олмаймиз, чунки яқинда 239-сонли қарор билан яна субсидиялар миқдори оширилди. Тошкентда ишлар кетяпти, лекин тадбиркорлар айнан давлат-хусусий шерикчилиги асосида иш бошлашни хоҳламаяпти.







