Украинадаги урушнинг 149-куни бошланди. Сўнгги маълумотлар

  • Россия ҳарбийлари Харкивдаги бозор ва унинг ёнидаги автобус бекатини ўққа тутган — уч киши ҳалок бўлган. Краматорскда зарба натижасида вайрон бўлган мактаб ҳудудидан уч кишининг жасади чиқди.
  • Туркия президенти Ражаб Эрдўған Россия ва Украина унинг мамлакати ҳамда БМТ ҳамкорлигида украин портларини қамалдан ечиш ва украин ғалласи экспортини давом эттириш бўйича келишувга эришганини маълум қилди. Келишув бугун Истанбулда имзоланиши кутилмоқда.
  • Украина президенти Володимир Зеленский ва Британия ташқи разведкаси МИ-6 раҳбари Ричард Мур Украина қуролли кучлари яқин вақтлар ичида Донбассда қарши ҳужум бошлаши мумкинлиги, чунки Россия фронтга янги ҳарбий хизматчилар ва қурол-яроғ жўнатиши қийинлашаётганини маълум қилди.
  • Украина қуролли кучлари 21 июл куни тўртта асосий йўналишда ҳам россиялик ҳарбийлар ҳужуми қайтарилганини маълум қилди. Украинанинг ўнлаб аҳоли пунктларига ўт ёғдирилган.
  • Британия мудофаа вазирлиги яқин вақтлар ичида Украина армиясига 155 миллиметр калибрли (бу НАТО стандарти) 20 дан ошиқ артиллерия қурилмалари, 36 дона 105 мм калибрли L119 ўзиюрар гаубицалари, юзлаб «камикадзе-дрон»лар ва 1600 донадан ортиқ танкка қарши ракета тизимлари юборади. 
  • Америкалик ҳарбийлар Украинага совет танкларига қарши кураш учун махсус ишлаб чиқарилган A-10 Warthog штурмовикларини етказиб бериш масаласини муҳокама қилмоқда, аммо ҳозирча якуний қарорга келинмаган.

Қуйида 21 июл куни Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар:

Харкив области

Украин ҳарбий хизматчилари Харкив области ҳудудидаги фронт линиясида M777 гаубицаларидан ўт очмоқда. Бир кун олдин Харкив Россия қўшини томонидан ўққа тутилганди. Харкив области прокуратураси маълумотларига кўра, икки ҳудудга ракеталар келиб тушган — Салтовка (турар жой биноси зарарланган) ва Киев районлари (бозор ва автобус бекати). Уч киши ҳалок бўлиб, 23 киши яраланган.
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Украинанинг «Карпатская сечь» батальони ҳарбий хизматчиси рация орқали олдинги чизиқдаги командири билан гаплашмоқда
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA