Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 25 декабрь куни Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида берган топшириқларининг ижросини таъминлаш, республика аҳолиси ва иқтисодиёти тармоқларининг ёқилғи-энергетика ресурсларига бўлган талабини қондириш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида нефть ва газ геология-қидирув ишларини жадаллаштириш мақсадида “Шўртан” кони штабида сайёр йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ, Давлат геология қўмитаси, “Schlumberger” хорижий компанияси, “Ўзлитинефтгаз” АЖ, “Ўзбекгеофизика” АЖ, “ИГИРНИГМ” давлат муассасасининг ҳамда жойлардаги бурғилаш, қазиб чиқариш бошқармаларининг раҳбар ва мутахассислари, геологлар, геофизиклар, муҳандислар иштирок этишди.
Дастлаб “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2022 йилнинг биринчи ярим йилликда бажарилган нефть ва газ геология-қидирув ишлари, захираларни кўпайтириш, янги майдонларни бурғилашга киритиш ҳамда уларнинг келгуси истиқболли йўналишлари, эришилган натижалар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларига доир таклифлар батафсил муҳокама қилинди.

2022 йилнинг ўтган даврида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича 920 кв.км атрофида 3D сейсмик-қидирув ишлари бажарилди, “Чўллиота”, “Янги Алат”, “Мангуберди” ва “Шарқий Арслон” номли янги майдонлар бурғилашга киритилди, шунингдек 59 минг метрдан ортиқ бурғилаш ишлари олиб борилди. Натижада 9,25 млн шартли ёқилғи миқдордаги углеводород захиралари кўпайтирилишига эришилди.
Тадбирда 2022 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Давлат геология қўмитаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган нефть ва газ геология-қидирув ишлари кўриб чиқилди.
Қўмита ва унинг таркибидаги ташкилотлар билан бирга Республикада нефть ва газ геология-қидирув ишларини ривожлантиришнинг асосий йўналиши сифатида Қорақалпоғистон Републикаси ҳудуди белгилаб олинганлиги, Устюрт минтақасида нефть ва газ геология-қидирув ишлари бўйича янги тадбирларни лойиҳалаштириш ва уларни мақсадли амалга ошириш, табиий газнинг янги конларини очиш ва қўшимча захираларини аниқлаш энг устувор вазифа эканлиги қайд этилди.

Соҳа мутахассисларига Устюрт ҳудудида нефть ва газ геология-қидирув ишларини янада жадаллаштириш учун қўшимча – техник қувватлари юқори бурғилаш ускуналарини жалб қилиш, региондаги 5000 метргача чуқурликдаги катта истиқболларни ўрганиш ҳамда углеводород хомашёси захираларини кескин кўпайтириш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек Устюртда қўшимча ҳудудларни ўрганиш ва янги майдонларни топиш, натижада республика бўйича нефть ва газга истиқболли структуралар дефицитини бартараф этиш бўйича танқидий муҳокамалар бўлиб ўтди.












