Жаҳон | 18:36 / 23.07.2022
15282
2 дақиқада ўқилади

Венгрия бош вазири ЕИни Россияга нисбатан янги стратегия тузишга чақирди 

Виктор Орбаннинг фикрича, ЕИ ҳозирги йўл билан ғалаба қозона олмаслиги «кундай равшан». 

Фото: REUTERS/Johanna Geron/Pool

Евроиттифоққа Россия ва Украина низоси борасида янги стратегия керак, чунки Россияга қарши санкциялар ишламаяпти, деди Венгрия бош вазири Виктор Орбан.

Евроиттифоқнинг ҳозирги стратегияси тўрт тамойилга асосланган: Украина НАТО қуроллари билан Россияни енга олади, санкциялар Россияни заифлаштиради ва унинг раҳбариятини издан чиқаради, санкциялар Европадан кўра Россияга кўпроқ зарар беради ва бутун дунё Европани қўллаб-қувватлаш учун бирлашади, деди у.

Бироқ бу стратегия барбод бўлди: Европадаги ҳукуматлар худди домино каби ағдарилмоқда, энергия ресурслари нархлари осмонга чиқиб кетди, деб ҳисоблайди Венгрия бош вазири.

«Биз барча ғилдираклари тешилган машинада ўтирибмиз», — деди у. 

Орбаннинг фикрича, ЕИ бундай йўл билан ғалаба қозона олмаслиги «кундай равшан».

Венгрия июн ойида Евроиттифоқни Россияга қарши янги санкциялар киритиш ўрнига у билан дипломатик музокаралар бошлашга чақирганди.

Будапешт шунингдек, Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакети қабул қилинишига узоқ вақт қарши чиққанди.

Охирги ҳафталарда Европадаги бир нечта мамлакатларнинг ҳукумат раҳбарлари истеъфога чиқди. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон 7 июл куни истеъфога чиқишини эълон қилди, Италияда бош вазир Марио Драги истеъфога чиқди. Улардан ташқари, Эстония бош вазири Кая Каллас истеъфога чиқди, лекин янги коалицион ҳукуматга яна ўзи раҳбар бўлди. Болгарияда эса парламент бош вазир Кирил Петков бошчилигидаги коалицион ҳукуматга ишончсизлик вотуми билдирди.

Мавзуга оид