Жамият | 16:12 / 24.07.2022
15347
2 дақиқада ўқилади

Ғиждувонда қўшнисининг Lacetti’сига ўт қўйиб юборган шахс судланди. Жиноятга кабутарлар учиб кетгани сабаб бўлган

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида қўшнисининг машинасини ёқиб юборган шахсга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар қилди.

Маълум қилинишича, Ғиждувон туманида яшовчи А.Р. маҳалладоши, кабутар боқувчи фуқаро Ф.Б.га уйида кабутар сақлашга қизиқиши ортаётганини айтиб, ундан 13 дона кабутар келтириб беришини сўраган. Кўп ўтмай олиб келинган кабутарларнинг икки донаси йўқолган. А.Р. эса қўшнисидан йўқолган кабутарларни топиб беришини талаб қилган. Шунда қўшниси кабутар учиб кетган бўлиши мумкинлигини айтган. Уларнинг эвазига бир дона ўзининг кабутарини беришини ва иккинчи кабутар қайтиб келмаса, кейинроқ яна бир дона кабутар беришини тушунтирган.

Бироқ жаҳли чиққан А.Р. ўзига аввалдан таниш бўлган, уйида бензин сотувчи А. исмли танишининг олдига бориб, у билан спиртли ичимлик ичган. Кечки пайт уйига қайтгунча танишидан бензин олиб, кабутар сотувчи қўшниси Ф.Б.нинг ҳовлиси олдида турган Lacetti автомашинасига бензин сепиб, ёқиб юборган ва воқеа жойидан қочиб кетган.

Дастлабки тергов-суриштирув ишлари давомида А.Р.нинг жабрланувчига 86 миллион 397 минг 465 сўмлик моддий зарар етказгани аниқланиб, тегишли тартибда жарима белгиланган.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми қўлланиб, 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид