Жаҳон | 11:31 / 26.07.2022
9507
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Озарбойжон ва Арманистонга ўзаро можарони ҳал этишда ёрдам таклиф қилди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен президент Илҳом Алиев ва бош вазир Никол Пашинян билан «минтақада тинчликка эришиш учун тарихий имконият»ни алоҳида муҳокама қилди.

Фото: Reuters

АҚШ Давлат департаменти сайтида 25 июль, душанба куни хабар қилинишича, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан алоҳида телефон суҳбатларида «минтақада тинчлик ўрнатиш учун тарихий имконият»ни муҳокама қилган.

Иккита деярли бир хил хабарда қайд этилишича, Блинкен Озарбойжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирларининг яқинда Тбилисида бўлиб ўтган учрашувини олқишлаган, томонларни мулоқотни давом эттиришга ундаган ҳамда «минтақавий транспорт ва коммуникация алоқаларини енгиллаштиришда» АҚШ ёрдамини таклиф қилган.

Бундан ташқари, давлат котиби Америка ЕИ воситачилигида Боку ва Ереван ўртасидаги «самарали музокаралар»ни қўллаб-қувватлашини билдирди. 1994 йилдан бери Қорабоғ можаросини тинч йўл билан ҳал этиш бўйича ЕХҲТ Минск гуруҳи ҳамраиси бўлган АҚШ «Арманистон ва Озарбойжонга узоқ муддатли кенг қамровли тинчлик ўрнатишда ёрдам беришга тайёр», - дейилади хабарда.

Ереван ва Боку ўртасидаги можаро 2020 йилнинг ёзида авж олди. Кейинчалик, 27 сентябрдан 9 ноябргача Арманистон ва Озарбойжон аҳолиси асосан арманлардан иборат бўлган Тоғли Қорабоғ учун уруш олиб борди. 6,5 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган уруш натижасида Озарбойжон Қорабоғнинг салмоқли қисмини ўз назоратига қайтарди.

Россия воситачилигида Арманистон ва Озарбойжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув имзолади, Россия тинчликпарвар кучлари чегара чизиғига олиб келинди, бироқ минтақада кескинлик сақланиб қолмоқда.

1991 йилда СССР парчаланганидан сўнг, ТҚР бир томонлама равишда Озарбойжондан мустақиллигини эълон қилди, аммо ҳеч бир давлат уни тан олмади. Шундан кейин 1992-1994 йилларда бошланган урушда ҳар икки томондан 25-30 минггача одам ҳалок бўлди, 1 миллионга яқин киши ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди.

Можарони тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган музокаралар жараёни 1992 йилда бошланган ҳамда ўшандан бери Россия, Франция ва АҚШ ҳамраиси бўлган ЕХҲТ Минск гуруҳи ҳомийлигида давом этмоқда.

Мавзуга оид