Жаҳон | 10:18 / 26.07.2022
22368
3 дақиқада ўқилади

«Биз барча ваъдаларни бажаряпмиз, энди АҚШ ҳам ўз ваъдаларини бажарсин» — Амир Хон Муттақий АҚШни Афғонистоннинг музлатилган пулларини қайтаришга чақирди

Тошкентда давом этаётган халқаро конференцияда «Толибон» ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий Афғонистон ўз бўйнига олган барча ваъдаларни бажараётганини маълум қилди. Энди АҚШни ҳам ваъдаларини бажариб, музлатилган пулларни қайтаришга чақирди. 

Фото: Kun.uz

«Ўзбекистонга таклиф қилгани ва ташкил қилгани учун раҳмат. Ўзбекистон ва афғон халқлари ўртасида тарихий ва диний алоқалар мавжуд.

11 ой давомида - қисқа муддат ичида мамлакатда хавфсизликни таъминлай олдик ва барча давлат органлари фаолияти, ходимларини сақлаб қолди, аҳолига асосий хизматлар кўрсатилмоқда.

Коррупцияни деярли нолга туширдик.

  • Сиёсий ва ҳарбий душманларнинг барчасига амнистия эълон қилинди;
  • Афғонистон тарихида илк бор толерантлик сиёсати эълон қилинди;
  • Ҳеч ким сиёсий идеологиялари учун ишдан олинмади;
  • Ҳозир бизда Мудофаа ва ИИВ вазирликлари жуда яхши ишлаяпти. Биз уларга кўплаб ёшларни ишга олдик.

Биз бу куч тузилмаларимизни халқимизга ёки қўшниларимизга қарши ишлатмадик.

Барча ташқарига чиқиб кетган ватандошларни чақирамиз, Афғонистон барча афғонларнинг юрти.

20 йиллик уруш ва АҚШ санкциялари камбағалликнинг асосий сабаби, бундан оддий халқ жабр чекмоқда.

Узоқ вақтдан сўнг биз барча университетлар ва мактабларни очдик.

Ҳозир бизда деярли 10 миллион ўқувчилар мактабларда ўқимоқда.

Аёлларга шароит бор жойда улар ишлаяпти, шароит йўқ жойда улар уйдан ишлаяпти. Биз уларга шароит қилгунга қадар уйдан ишлагани учун пул тўлаб турибмиз.

Афғонистон минтақалар ўртасида савдо ҳамкорлигида халқаро ҳаб бўлиши учун ҳаракат кетмоқда. Жанубий ва Марказий Осиёни боғлаш учун энг қисқа йўл.

Афғонистон ислом амирлиги ҳудудидан бошқа давлатларга таҳдид қилинмайди, бунга ваъда бердик ва қилдик.

Биз барча ваъдаларимизни бажардик. Энди АҚШ ҳам барча ваъдаларини бажаришини сўраймиз.

Биз барча давлатлар билан ўзаро ҳурмат асосида алоқалар ўрнатишга тайёрмиз.

Биз АҚШни ҳеч қандай шартларсиз музлатилган пулларни қайтаришга чақирамиз. Шунингдек, барча давлатларни мамлакатга инвестиция киритишга чақириб қоламиз.

Ҳозир 500 минглаб эски тузум ходимлари ўз ишларида ишламоқда, четга чиқиб кетганлар ҳам қайтиб келмоқда.

Олдин ҳамма жойда қандай қилиб отишмаларни тўхтатиш ҳақида гапирилган бўлса, бу илк бор иқтисодий ривожланиш ҳақида. Бунинг учун Ўзбекистон томони, хусусан Комилов ва Эргашевларга миннатдорчилик билдираман», - дея Муттақийнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид