Ўзбекистон 2020 йилда халқаро молия институтларидан олган кредитлардан 100 млн доллари лимончилик лойиҳаларига йўналтирилган. Буни таъминлаш вазифаси президентнинг 2020 йил 19 февралдаги қарорига асосан Туронбанк зиммасига юкланган.

Шундай лойиҳалардан бири Фарғона тумани Миндонобод даҳасида амалга оширилган. Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 2,5 гектарда қад ростлаган иссиқхона кам таъминланган, ишсиз, меҳнат миграциясидан ватанига қайтганларга 2 сотихдан, жами 125 оилага берилган.

Бунда 50 фоизи субсидия, қолган тенг ярми АТБ Туронбанкнинг имтиёзли кредити эвазига тақсимлаб берилиши режалаштирилган эди.

Фарғона тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан шартнома тузган “Устоз-шогирд томорқа хизмати” МЧЖ иссиқхона қурилишини олиб борган.

Иссиқхона қуриб битказилиб аҳолига бўлиб берилди ҳам. Аммо сув таъминоти масаласи ҳал этилмагани сабабли иншоот аҳоли учун чин маънода муаммога айланди. Ёпилган плёнкани шамол бир неча марта учириб кетди.

Аҳоли энди ойма-ой банкдан олинган кредит қарзини тўлашга мажбур бўлмоқда.

Ташландиқ ҳолатга келиб қолган иссиқхонани кўздан кечириш асносида майдонга туташган намунали уйда яшовчи фуқаролардан бири шамол учириб кетган плёнка қолдиқларини ёқаётганига гувоҳ бўлдик. Унинг айтишича, плёнканинг шамолда ҳилпиратган овози оила тинчини бузмоқда, туни билан ухлашга тўсқинлик қилади.

Майдон атрофига экилган арчалар эса аллақачон қуриб қолган.

Азизахон Тешабоевага ҳам иссиқхонадан 2 сотих ер ажратилган. Даромад олишга улгурмай, у банкдан олган кредитни тўлашга мажбур бўлмоқда.

Азизахон Тешабоева