Россиянинг Украинага бостириб киришидан сўнг, Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Қозоғистон расмий Москва билан ўз муносабатларини қайта кўриб чиқишга қарор қилган. The Wall Street Journal нашрида эълон қилинган мақолада Марказий Осиёда Москва ва Пекин ўртасидаги яширин меҳнат тақсимоти ўзгариб бораётгани, Қозоғистон ҳукумати АҚШ, Туркия ва Хитой билан ҳарбий соҳада ҳамкорликни ривожлантиришга ҳаракат бошлаганига урғу берилган.   

Шунингдек, Қозоғистон мудофаа харажатларини ошираётгани, нефтни сотиш учун Россияни четлаб ўтадиган янги йўналишлар бўйича ишлар олиб бораётганига эътибор қаратилган. Жумладан, апрел ойида Қозоғистон ҳукумати мудофаа бюджетини 441 миллиард тенгега (тахминан 915 миллион доллар) оширган. Маблағларнинг бир қисми мамлакат ҳарбий захираларини оширишга йўналтирилади.

«Жорий йил бошида Қозоғистонда юзага келган тартибсизликларни бартараф этиш учун Россия ҳукумати 2000 дан ортиқ ҳарбийларини юборди. Ушбу воқеадан олти ҳафта ўтиб, рус қўшинлари Украинага бостириб кирди. Қозоғистон эса «махсус ҳарбий операция»ни қўллаб-қувватлаш орқали Россия олдидаги «қарзи»ни қайтариши мумкин эди. Аммо бундай бўлмади.

Қозоғистон ҳам Россиянинг жанубий чегарасидаги бошқа Марказий Осиё давлатлари каби бетараф қолди. Ғарбнинг Москвага қарши санкцияларини қўллаб-қувватлашга ваъда берди, Россияни айланиб ўтувчи йўллар орқали Европага нефт экспортини кўпайтиришини айтди, мудофаа бюджетини оширди ва АҚШ делегацияларини қабул қилди.

Москва ва унинг Марказий Осиёдаги энг йирик иттифоқчиси ўртасида масофа пайдо бўлаётгани Владимир Путин учун кутилмаган муаммодир. СССР парчаланганидан кейинги даврда расмий Москва ҳарбий ва иқтисодий иттифоқлар тузиш орқали Марказий Осиё бўйлаб таъсирини сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Бу борада асосий урғу ҳудуди Ғарбий Европадан каттароқ бўлган, нефтга бой давлат Қозоғистонга қаратилди. Икки давлат 4750 миля (7644 км) умумий чегарага эга, бу АҚШ-Канада чегарасидан кейин дунёдаги иккинчи энг узун чегара ҳисобланади.

Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин Қозоғистон расмий Москва билан муносабатларини қайта кўриб чиқишга қарор қилди. Қозоғистоннинг амалдаги ва собиқ амалдорлари, сиёсатчилари ва таҳлилчиларининг сўзларига кўра, мамлакат ўз ташқи сиёсатидаги Россиянинг имтиёзли мавқейини қайта кўриб чиқмоқда ҳамда АҚШ, Туркия ва Хитой каби давлатлар билан алоқаларни яхшилашга ҳаракат қилмоқда.

Июн ойида Санкт-Петербургда ўтказилган иқтисодий форум доирасида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев унинг мамлакати ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР»ни тан олмаслигини айтди. Модераторнинг Ғарб сизнинг мамлакатингизга босим ўтказяптими, деган саволига эса аниқ жавоб бермади.