Ўзбекистон | 18:00 / 28.07.2022
18144
2 дақиқада ўқилади

3 ёшида отга минган Суннатилла — “Манзил”

Суннатилла 13 ёш бўлишига қарамай, 100 дан ошиқ чорва ва 30 дан ошиқ йилқи уюрини битта ўзи яйловларда боқиб юрибди. “Манзил” жажжи қаҳрамонининг Чотқол тоғ тизмаларида от миниб, ёзни қандай ўтказаётгани ҳақида ҳикоя қилади.

Суннатилла Йўлдошев 2009 йилда Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани Эртош қишлоғида туғилган. Ота-онаси Чотқол тоғ тизмаларида чорвачилик билан шуғуллангани боис болакайнинг ҳаёти ҳам қўй-қўзилар, сигир-бузоқлар, энг асосийси отлар билан боғланган. 3 ёшидан тоғга чорва боққани чиқишни бошлаган Суннатилла отга минишни ҳам шу ёшида бошлаган.

Онаси Шаҳноза Отабекова ўғлининг илк от минганини кўрганда жуда қўрқиб кетганини эслайди. Чунки 3 ёшли боласининг бир ўзини асов отнинг устида бирорта она тасаввур қила олмаса керак. Онасининг айтишича, шу-шу отаси ҳам, яқинлари ҳам Суннатилла от минишига ва чорвани эплай олишига ишонч билдиришган.

Суннатилла отларни ва чорвани шу қадар яхши кўрадики, май бошланиб мактаблар тугаши арафасида тоғга чиқиб кетайлик деб, ота-онасини ҳоли-жонига қўймайди. Улар яшаб турган чодирга бирорта меҳмон от билан келиб қолса, ўша отни бир марта минмасдан қўйиб юбормайди. У қишда, қор қалин бўлса, асов отларни ҳам мина олишига ишонади.

У тоғларсиз, тоза ҳаво ва жониворларсиз яшай олмаслигини кўзидан англаш қийин эмас.

Тоҳиржон Турсунов,
Боймирза Халилов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус.

Мавзуга оид