Сиёсатшунос Фарҳод Толипов Kun.uz’га берган интервьюсида Конституциявий комиссияни конституция ислоҳоти жараёнларида мафкурабозликка берилаётганликда айблади.

Толиповга кўра, у жамоатчиликка тақдим қилинган лойиҳа ва жараёнларни кузатиб, шу хулосага келган.

“Мафкурабозлик ҳатто Конституцияга ҳам киряпти. Буни конституция лойиҳасидаги айрим моддаларда ҳуқуқ ёки сиёсатга эмас, мафкурага хос белгиларда кўришимиз мумкин. Бу эса жамоатчилик фикрини чалғитадиган аҳволга олиб келади. Яъни ҳозир Конституцияга чиройли сўз ва гапларни киритишяпти-ю, керакли моддалар кирмай қолиб кетяпти.

Узоққа бормайлик-да, 1-моддани олайлик. Унда бироз муболаға билан айтганда, жуда қалтис сўзлар пайдо бўлди: “Ўзбекистон – суверен, демократик, ижтимоий, дунёвий ва ҳуқуқий давлат”. Бу ерда фикримча, умуман ортиқча бўлган 3та сўз пайдо бўлди.

“Суверен” ва “демократик” тушунчасини бутун дунёда тушунишади. Бунинг нималигини фан ҳам айтиб турибди. Лекин ижтимоий, дунёвий ва ҳуқуқий сўзлари жуда баҳсли. Хўш, нега биз еттинчи ва саккизинчи сўзларни қўшмаяпмиз, очиқ, гуманитар, адолатли, дея? Бу Конституция учун керак бўлмаган сўзлар.

Ўзингиз ўйланг, “дунёвий” сўзи устида ҳали олимлар ва диншунослар ҳам бир ечимга келгани йўқ. Ёки “ижтимоий давлат” қандай бўлади? Масалан, ижтимоий сиёсат бор. Бунда аҳолининг муҳтож қатламига ёрдам бериш орқали ижтимоий сиёсат кетаётганини кўрсатиш мумкин. Лекин давлат номини ижтимоий давлат деб номлаш – бу жуда қалтис ҳолат.

Шунингдек, “ҳуқуқий давлат” жумласи ҳам ортиқча. Агар Конституция ва қонунлар ишласа, унинг ўзи ҳуқуқий давлатга айланади-ку.