Жаҳон | 13:59 / 29.07.2022
5737
2 дақиқада ўқилади

Эстония россияликларга яшаш ва ўқиш учун виза беришни тўхтатмоқда

Эстония ТИВ раҳбари РФга тинимсиз босим ўтказиш учун санкцияларни давом эттириш зарур, деб ҳисоблайди. Россия фуқаролари Эстонияда вақтинчалик яшаш учун рухсатнома ёки ўқиш учун виза сўраб мурожаат қилолмайди.

Фото: Dreamstime

Эстония ҳукумати Россия фуқароларига мамлакатда вақтинчалик яшаш рухсатномаси ёки ўқиш учун визалар беришни тақиқловчи қарорни тасдиқлади. Бу ҳақда Эстония вазирлар маҳкамасининг 28 июль, пайшанба кунги баёнотида айтилади.

Бундан ташқари, Россия ва Беларус фуқаролари қисқа муддатли ишлаш учун рухсатномани фақат Эстония томонидан берилган виза амалда бўлган тақдирдагина олиши мумкин бўлади. 

Агар ЕИга аъзо бошқа давлат томонидан яшаш учун рухсатнома берилган бўлса, РФ ва Беларус фуқаролари барибир қонуний равишда қисқа муддатли иш топиши мумкин бўлмайди, шу сабабли уларнинг узоқ муддатли виза олиш учун берган аризаси қаноатлантирилмайди.

Эстония ташқи ишлар вазири Урмас Рейнсалунинг таъкидлашича, Москванинг Киевга қарши «асоссиз уруши» нафақат Украинанинг «ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигини» қўпол равишда бузади, балки Эстония ва ЕИ хавфсизлигига таҳдид солади. 

Рейнсалу янги чеклов чораларининг жорий этилиши ҳақида шундай изоҳ берди: «Россияга қарши санкцияларни давом эттириш мамлакатга тинимсиз босимни таъминлаш учун зарур. Агар санкциялар Россия агрессиясини тўхтатишга ёрдам берса, бу бизнинг хавфсизлигимизга ижобий таъсир қилади». 

Эстония ташқи сиёсат идораси раҳбарининг қўшимча қилишича, ўзгартириш Эстониядаги мавжуд чекловларни четлаб ўтишни, масалан, ЕИга аъзо бошқа давлатдан туризм баҳонасида қисқа муддатли Шенген визаси сўраладиган сценарийларни бекор қилади. 

Аввалроқ, 20 июль куни Россия Бош прокуратураси «Очиқ Эстония жамғармаси» фаолиятини РФда номақбул деб тан олган эди. Маҳкама ташкилот ишини «РФ конституциявий тузуми ва хавфсизлиги асосларига таҳдид» деб ҳисоблади. 

Июнь ойида Эстония бош вазири Кая Каллас Украинадаги уруш фонида НАТОдан Латвия, Литва ва Эстонияга альянснинг 20-25 минг аскардан иборат дивизияларини юборишни сўради. 

Мавзуга оид