Украина қуролли кучлари Бош штабининг эрталабки ҳисоботида тунда Украина шимолига зарбалар келиб тушгани хабар қилинган.
Ҳарбийларнинг қайд этишича, Россия авиация ва ракета зарбалари йўллашда давом этмоқда, жумладан Беларус Республикаси ҳудудидан туриб ҳужум қилинган.
Москва ва Минск Беларус ҳудудидан туриб ракета зарбалари берилгани ҳақидаги маълумотларни ҳозирча изоҳламаган.
«Ёппасига ракеталар келиши»
Бош штабда 28 июл тонгида Беларус ҳудудидан туриб 20 дан ортиқ ракета Черниҳив ва Киев областларига учирилгани, уларнинг бир қисми украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали уриб туширилгани айтилади. Тўққизта ракета Гончаровскоега келиб тушган. Бош штаб ҳисоботида қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.
«2022 йил 28 июл куни соат 5:20 дан соат 6:30 гача, Беларусдаги манбаларга кўра, Беларус ҳудудидан 20 дан ортиқ ракета учирилгани тўғрисида маълумот келиб тушган», дейилади «Шимол» оператив қўмондонлигининг фейсбукдаги хабарида.
«Ҳозирча Черниҳив областидаги Гончаровское обшинасига 9 ракета келиб тушгани маълум, улар ўрмонзор массивига қулаган. Бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимимиз шундай ишлаган», дейилади ҳарбийлар хабарида.
Маҳаллий аҳоли вакиллари Беларус билан чегарага яқин жойлашган аҳоли пунктлари ҳудудида отишмалар овозини эшитишгани ҳақида айтишган.

Черниҳив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Вячеслав Чаус тонгда област ҳудудига «10 дан ортиқ ракета» учиб келганини хабар қилган.
«Соат эрталабки 5 дан кейин Беларус ҳудудидан ёппасига ракета отилди. Улар Гончаровское атрофига келиб тушгани ҳақида дастлабки маълумотлар бор. Бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларимиз ҳам ишламоқда. Ҳозир хавфсизлик нуқтайи назаридан бу қаерда бўлаётгани ҳақида айта олмайман. Қурбонлар ва вайронгарчиликлар тўғрисидаги маълумотлар аниқлаштирилмоқда, ҳозирча бу борада аниқ маълумот бера олмайман», дея хабар қилган у телеграмдаги каналида.
Киев яқинидаги отишмалар
28 июл тонгида Вишгородское райони бўйлаб бешта ракета учирилган, яна икки ракета ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали уриб туширилган.


















