Президентнинг ўтган йилги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотидан сўнг 20 август Ўзбекистонда тадбиркорлар куни деб белгиланган эди. Ҳар йили шу санада президентнинг бизнес вакиллари билан очиқ мулоқоти ўтказилади. Хўш, тадбиркорларимиз нимани талаб қилишлари керак?

Ўтган йилги очиқ мулоқот аввалидан 15 мингдан зиёд мурожаат келиб тушганди. Рақамларга эътибор берилса, энг кўп мурожаатлар бизнесни молиялаштириш, кредитлаш ва субсидиялар (6304 та), ер ажратиш масалалари бўйича (2701 та) келиб тушганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Рақамлардан ҳам кўринмоқдаки, аксарият ўзбек тадбиркорлари, албатта, биринчи навбатда ўзлари учун молиявий ёрдам, арзон кредитлар, имтиёзлар ва субсидиялар сўрашади. Ер олиш осонроқ бўлишини ҳам исташади.

Айрим бизнес гуруҳларнинг индивидуал имтиёзларга эга экани, давлат банкларидан арзон кредитлар олишаётгани, бунинг оқибатида бозорда ноҳалол рақобат вужудга келаётгани ҳам бундай сўровларга асос бўлмоқда.

Бу — табиий. Кимлардир «ўзгача», яхшироқ вазиятда эканини кўриб, қолганлар ҳам шунақа кайфиятга ўтишади, рақобат деган бозор иқтисодиёти учун фавқулодда муҳим бўлган унсурнинг аҳамияти онгларда заволга учрайди. Бу эса... фожиа.

Имтиёз ва субсидиялар бир соҳанинг бошқасидан устунлик қилишига олиб келмаслиги керак. Айниқса, маълум бир гуруҳ манфаати учунгина хизмат қилмаслиги керак.

Имкони бўлса, барча субсидия ва имтиёзлар қайта кўриб чиқилиши, бекор қилиниши, бозор иштирокчилари бўлган бизнес вакилларига тенг шароитларда иш бошлаш имконияти тақдим этилиши керак. Шундагина сих ҳам, кабоб ҳам куймайди.

Бизнес соҳаси вакиллари эса президент билан учрашувда фақатгина ўзи учун эмас, барча учун бирдек фойдали бўладиган таклифларни ўртага ташлаши керак. Масалан, бизнес соҳасида қабул қилинадиган қонун, қарорлар олдин чуқур экспертизадан ўтказилишини талаб қилиш керак.