АҚШ Конгрессининг вакиллар палатаси ярим автомат қуролларнинг айрим турларини тақиқлашни қўллаб-қувватлади. 29 июль, жума куни Демократик партия назоратидаги қуйи палатада овозлар партия йўналишлари бўйича тақсимланди. 217 депутат буни қўллаб-қувватлади, 213 депутат қарши чиқди. Мутахассисларнинг тахминича, қонун лойиҳаси демократлар 50 ўринга эга бўлган Сенатдан ўтмайди ва яна камида 10 нафар республикачининг маъқуллаши талаб этилади.
Сўнгги пайтларда оммавий отишмалар рўй берганига қарамай, қурол ислоҳоти АҚШда чуқур зиддиятли масала бўлиб қолмоқда. Вакиллар палатасида фақат иккита республикачи демократларга қўшилиб, тақиқни қўллаб-қувватлади.
Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси қонун лойиҳасини «мамлакатда қуролли зўравонликнинг фалокатли эпидемиясига қарши курашдаги асосий қадам» деб атади.
Президент Жо Байден овоз бериш натижасини олқишлаб, «америкаликларнинг кўпчилиги бу соғлом фикрга қўшилади», деб таъкидлади. Байден 1994 йилда сенатор бўлганида ярим автомат қуролларга нисбатан амалда бўлган тақиқни таъминлашда муҳим роль ўйнаган.
Ярим автомат ва бошқа ҳужум қуролларини тақиқлаш АҚШда 1994 йилда 10 йил муддатга қабул қилинган ва бу муддат тугаганидан кейин узайтирилмаган, бу эса қурол сотувининг кескин ўсишига олиб келган.
Ҳозир вакиллар палатаси томонидан маъқулланган қонун лойиҳасида санаб ўтилган қуроллар орасида 200 дан ортиқ турдаги ярим автомат милтиқлар, жумладан AR-15 ва тўппончалар ҳам бор. Ҳужжат уларни сотиш, олиб кириш, ишлаб чиқариш ёки бошқаларга беришни ноқонуний ишга айлантиради.
«Биз хавфсизлик қоидалари доирасида ўқотар қуроллардан, шу жумладан AR-15’дан фойдаланадиган, эгалик қиладиган ва олиб юрадиган қонунга бўйсунувчи барча қурол эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этамиз», деди Жеймс Комер (Кентукки штатидан республикачи).
Республикачилар партиясида кўпчилик овоз беришни 8 ноябрь куни бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлар олдидан популистик ҳаракат деб кўрмоқда.
Байден 25 июнь куни ўқотар қуроллар муомаласи устидан назоратни кучайтириш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжатда 21 ёшга тўлмаган шахсларни қурол сотишдан олдин янада қаттиқроқ текширувдан ўтказиш, шунингдек, фуқаролар руҳий саломатлигини сақлаш хизматларини молиялаштириш ва таълим муассасалари хавфсизлигини таъминлаш учун 15 миллиард доллар ажратиш назарда тутилган. Бундан ташқари, қонун уйдаги зўравонлик учун судланган шахсларга беш йил давомида ўқотар қурол сотиб олишни тақиқлади ва штатларга инқирозга аралашув дастурлари учун 750 миллион доллар грант ажратди.












