Шу вақтга қадар Украинага Германия ва Нидерландиядан шундай ўзиюрар қурилмалардан 10 дан ортиғи келтирилганди. Аммо улар шу вақтгача захирадан олиб келинаётганди. Энди эса, матбуотдаги хабарларга кўра, уларни қуриш керак бўлади ва бу бир неча йил вақт олиши мумкин. Бу шартнома фронтдаги вазиятни жиддий ва тез ўзгартира олмайди. Аммо бу қадар кўп замонавий қурол келажакда вазиятни ўзгартирмай қолмайди.
Характеристикасига кўра Panzerhaubitze 2000 - дунёдаги энг яхши ўзиюрар артиллерия тизимларидан бири. У ўқлаш механизми билан жиҳозланган, бу эса ўқ узиш тезлигини дақиқасига 10 тага етказади. Алоҳида режимда у тўққиз сонияда уч бор ўқ узиши мумкин.
52 калибрли Rheinmetall L52 қуролидан ўқ отиш масофаси НАТО стандартидаги 155-миллиметрли снарядда 30 километрдан ортиқни ташкил этади. Аммо махсус ўқ-дори қўлланганида бу масофа жиддий ошиши мумкин.
Panzerhaubitze 2000 америкаликларнинг юқори аниқликда ҳаракатланувчи M982 Excalibur снарядларидан фойдаланиши мумкин. Украинага бундай снарядлар етказиб берилгани ҳақида расмий маълумот йўқ, аммо Пентагон 8 июл куни эълон қилган Украинага етказиладиган қуроллар рўйхатида Киевга 155-миллиметр калибрли юқори аниқликдаги снарядлар етказилиши айтилганди. Кўплаб экспертлар ҳисоблашича, бунда гап айнан M982 ҳақида кетган.
M982 Excalibur снарядлари иккита галма-гал ишловчи навигация тизимларидан - ўт отиш нуқтасидан нишонгача траекторияни ҳисобловчи GPS ва инерцияга асосланган тизимлардан фойдаланади. Инерциал тизим ташқи ахборот манбаларига, масалан, сунъий йўлдош сигналига боғлиқ бўлмайди, у фақат снаряд парвози траекториясини ҳисоблайди.

Бунда снаряд манёвр қилиш ва етиб бориш масофасини 40 километргача оширишга ёрдам берувчи йиғиладиган «қанотлар»дан фойдаланади. Айрим модификациялар эса бундан ҳам узоқроққа отиш имконини беради.
GlobalSecurity.org сайтига кўра, стволи узунлиги 52 калибр бўлган 155-миллиметрли қуролдан фойдаланганда M982 снаряди 47 километр масофадаги нишонгача етиб боради.
Шу билан бирга, пиёдаларга, зирҳли нишонларга ва мустаҳкам бошпаналарга қарши қўллаш учун турли вариантдаги снарядлар ишлаб чиқарилади.














