Ўзбекистонда бугун, 1 августдан бошлаб Twitter, WeChat ва “Вконтакте” ижтимоий тармоғига қўйилган тўсиқ олиб ташланмоқда. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги маълум қилди.
Расмий хабарга кўра, TikTok платформаси билан музокаралар давом этмоқда, натижалари юзасидан қўшимча хабар берилади.
“Блокировкалар ривожланишга фақат зарар келтиради”, – дейилади АОКА баёнотида.
Тўртта платформага қўйилган тўсиқнинг олиниши Президент администрацияси раҳбариятидаги ўзгаришлар ортидан рўй бермоқда. Ўтган ойда Зайнилобиддин Низомиддинов ўрнига Сардор Умрзоқов Президент администрацияси раҳбари этиб тайинланди. Комил Алламжонов Администрация раҳбарининг ўринбосари бўлди.
“Блоклаш фақат зарар ва ахмоқлик”, – дея ёзди Алламжонов бугун ўз Telegram-каналида.
Янгилик юзасидан президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов ҳам муносабат билдирди.
“Президентимиз сўз ва матбуот эркинлигини, фуқароларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш, ўз фикр ва қарашларини эркин билдириш ҳуқуқини таъминлаш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири экани ва у изчил давом эттирилишини бир неча бор таъкидлаганлар.
Ахборот маконини ёпиб қўйиш, фикрлар плюрализмига тўсқинлик қилишга уринишлар жамиятнинг тараққиётига хизмат қилмай, аксинча, уни орқага тортиши – исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат”, – дея баёнот берди Асадов.
Twitter, TikTok, WeChat ва “Вконтакте” ўтган йилнинг 2 июл куни блоклаб қўйилган эди.
Бунга “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга киритилган 27-1-модда сабаб бўлганди. Унга кўра, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотлар жисман Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларда сақланиши белгиланган.











