09:01 / 01.08.2022
22895

Шомуродов «Болонья»га ўтмоқда

«Болонья» ўзбекистонлик ҳужумчини «Рома»дан кейинроқ сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олмоқда.

Элдор Шомуродовнинг янги мавсумни қайси клубда бошлаши деярли ойдинлашди.

Инсайдер Никола Скиранинг маълум қилишича, ўзбекистонлик ҳужумчи «Болонья»га ўтади. Болоньяликлар Шомуродовни «Рома»дан 9 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олишади. 

Аввалроқ, журналист Жанлука ди Марцио болоньяликлар Шомуродовни ижарага олиш масаласида келишувга эришгани ҳақида хабар берган эди.

Аввалроқ, TuttoSport нашри «Рома» ўзбекистонлик 27 ёшли форвардини 18 миллион еврога баҳолаётгани ҳақида маълум қилганди. У 2021 йилда «Женоа»дан римликлар сафига 17,5 млн евро эвазига ўтганди.

Эслатиб ўтамиз, бунгача «Рома» клуби Шомуродовни Исроилдаги йиғинга олиб бормагани, футболчининг агенти эса Элдор тез орада жамоасини ўзгартиришини маълум қилганди. Ўзбекистон миллий жамоаси форварди ўтган мавсум римликлар сафида жами 39 ўйинда 5та гол ва 6та ассистга муаллифлик қилган. Унинг «бўрилар» билан амалдаги шартномаси 2026 йилга қадар мўлжалланган.

Маълумот учун, «Болонья» А Серия 2021/22 йилги мавсумини 46 очко билан 13-ўринда якунлаган эди. Клуб янги мавсумни чемпионатда 14 август куни «Лацио»га қарши сафардаги баҳс билан бошлайди.

Top