Марказ Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган.

“Жониворларга қўлимиздан келганча яхши шароит яратганмиз”

Елена Лисенко, бошпанасиз ҳайвонларнинг “Меҳр” маркази директори:

— Мен Ўзбекистонда илк марта ташкил қилинган вақтинча бошпанасиз итларни реабилитация қилиш маркази раҳбариман. Биласизми, ўз эгасини йўқотган, ташлаб кетилган ёки кўчада туғилган итлар қанчадир муддат кўчада яшашга мажбур. Биз бу ерда уларга ғамхўрлик қиламиз ва қўлимиздан келганча яхши шароит яратишга ҳаракат қиламиз. Итлар ўз эгасини, ўз уйини топиши керак. Марказимизда айни вақт кўчадан олиб келинган 860 та ит боқиляпти.

Марказ Akfa Group ҳомийлигида ташкил этилган. 2 йилдан ортиқ вақт мобайнида Европа ва Туркияда малака ошириб келган мутахассисларнинг тажрибаси мана шу марказимизга мослаштирилган. Бу ерда жониворларни яхши кўрувчилар ишлайди. Харажатларнинг деярли барчаси Akfa Group томонидан қопланади. Бу харажатларга озиқ-овқат ва вакциналар, 23 нафар ишчининг маоши ҳам киради.

“Ундан кўра одамларга ғамхўрлик қилсанг бўлмайдими, дейишади”

Гулчеҳра Эргашева, Ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти аъзоси, волонтёр:

— “Меҳр” бошпанасида жуда кўп қаровсиз жониворлар жойлаштирилган. Бизнинг жамиятимиз ҳам шундай фаолият юритади. Биз Қонунчилик палатаси билан ишлаймиз. 4 йил олдин одамларнинг ит ёки мушукларга ёмон муносабатда бўлган ҳолатлари юзасидан органларга йилига 85 та ариза тушар эди. Ҳозир 1,5 мингдан кўпроқ аризалар тушяпти. Бизнинг ҳам телефонларимиз бор – ҳайвонларга ваҳший ва ёмон муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳақида маълум қилишади.

Жониворларга ғамхўрлик қиламиз десак, кўплар тушунмайди. Ундан кўра одамларга, ёш болаларга ёрдам берсанг бўлмайдими, деган гапларни кўп эшитамиз. Муҳтож одамми, ҳайвонми – ҳаммага ёрдам бериш керак, деб ўйлайман. Биз бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлишимиз керак, атроф-муҳит, табиат ва жамиятимизни асрашимиз керак, булар ҳам экосистеманинг бир қисми.

Кўрганимиздек, Нукусда итлар қабристони топилди. Бизга бу жуда ачинарли ва бундай ҳоллар деярли ҳар куни келиб тушади. Менимча, инсонийлигимизни йўқотмаслигимиз керак. Булар беозор, Аллоҳ яратган жониворлар, инсонга қарам. Тишлайди деб қўрқишади. Болаларни ёшлигидан қўрқитиб қўйишади. Болаларини олиб келишсин, кўришсин. Ҳозир мана кирдик, бирорта ит ташланганини кўрмадингиз, чунки улар бу ерда меҳр кўради.