Унда айтилишича, 2021 йил 28 декабрдаги 67-сонли президент қарори билан тасдиқланган 3 та амалий ҳаракат режасида жами 116 та банддаги вазифаларнинг 5 таси бажарилган, 77 таси ўз вақтида бажарилмоқда, 34 тасининг (29 фоизи) ижроси кечиктирилмоқда.
Мажлисда Сенат раиси Танзила Норбоева амалий ҳаракатлар режалари («йўл харита»лари) ижросининг бориши тўғрисида фикрларини билдирди.
«Йўл харита»ларнинг ижро ҳолатини қониқарли деб бўлмайди
«1 ва 2-илова билан тасдиқланган «йўл харита»лари ижросига Ташқи ишлар вазирлиги, 3-илова билан тасдиқланган «йўл харита»си ижросига Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги масъул.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги – хорижий инвестицияларни жалб қилишни мувофиқлаштириш, мақсадли фойдаланилишини мониторинг қилиш, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантириш ва мувофиқлаштириш учун масъул ваколатли давлат органи ҳисобланади. Бироқ вазирликнинг иши сезилмаяпти, айрим лойиҳалар ўз ҳолига ташлаб қўйилган, муаммонинг сабабларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича амалий ҳаракатлар кўринмаяпти.
Вазирлик киритган маълумотига кўра, 40 та инвестиция лойиҳасидан 10 таси қолоқлик билан амалга ошириляпти. Муаммонинг сабаблари келтирилмаган, таклифлар эса номига (белгиланган вазифани бажариш ҳақида) берилмоқда. Ўрганишларимиз қолоқлик билан амалга оширилаётган лойиҳалар сони кўплигини кўрсатмоқда, яъни 21 та лойиҳа ўз вақтида бажарилмаяпти. Муаммолар сабабини ўргандик, ҳар бир «йўл харита» бўйича алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтамиз.
I. Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида имзоланган ҳужжатларнинг амалга оширилиши (мувофиқлаштириш учун масъул Ташқи ишлар вазирлиги).
1-«йўл харита» бўйича жами 11 та банднинг 8 таси ўз вақтида амалга оширилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигига тегишли 3 та банддаги вазифалар ижроси суст олиб борилмоқда. Хусусан:
«Йўл харита»нинг 2-бандига мувофиқ соғлиқни сақлаш соҳасида, жумладан, касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши чора кўриш бўйича ҳамкорлик Битими имзоланиши керак эди (муддат – 25 май). Бажарилмади.
Ушбу масалада Корея томони давлат ички тартибларини шу йилнинг январ ойидаёқ бажарган. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат тартиб-таомилларини бажармасдан тегишли президент қарори лойиҳасини кечиктирмоқда.
«Йўл харита»нинг 11-бандига мувофиқ минтақавий тиббиёт муассасаларини тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича лойиҳа ҳужжатларини ва Ҳукумат қарорини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун киритиш керак эди (муддат – феврал). Бажарилмади.







