Ўзбекистон | 18:02 / 02.08.2022
7673
2 дақиқада ўқилади

Суд иши бўйича тарафларни суд мажлиси ҳақида SMS-хабар орқали хабардор қилиш йўлга қўйилади

Жорий йил 2 август куни Сенат Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. 

Унда “Судлар фаолияти рақамлаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун юзасидан қўмита хулосасини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.

Жиноий, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий суд ишлари бўйича тарафларни суд мажлиси ҳақида SMS-хабар орқали хабардор қилиш процессуал асослари белгиланмоқда, суд иши бўйича тарафлар ишни судда кўришнинг бориши тўғрисида ахборот тизими орқали онлайн режимда ахборот олиш ҳуқуқига эга бўлмоқда.

Фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритишда ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисларида суд биносига келмасдан масофадан туриб мобиль видео-конференц-алоқа режимида иштирок этиши процессуал асоси ва тартиби белгиланмоқда.

Жиноий суд ишларини юритишда, агар гувоҳ суд мажлисида видео-конференц-алоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган бўлса, ундан тилхат олинмасдан, қасамёди, мажбуриятлари ҳамда жавобгарлиги тушунтирилгани аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилиши ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилиши назарда тутилмоқда.

Мажлис якунида қўмита тегишли қарорлари қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид