Жаҳон | 12:33 / 03.08.2022
4540
2 дақиқада ўқилади

G7 Россия нефть даромадларини чеклаш йўлларини ўрганмоқда

«Катта еттилик» давлатлари Россия нефтини ташиш хизматларига, агар у чегарадан юқори нархда сотиб олинса, тақиқ қўйиш масаласини кўриб чиқмоқда, дейилади ТИВ раҳбарлари баёнотида.

Фото: Максим Богодвид / РИА Новости

«Катта еттилик» (G7) давлатлари Россиянинг Украинага қарши уруши натижасида унинг энергия ташувчилар бўйича юзага келган юқори нархлардан фойда кўришига тўсқинлик қилмоқчи. Бунинг учун барча вариантлар, жумладан, нефть келишилган нархдан юқори харид қилинса, РФдан уни ташишга тўлиқ тақиқ жорий этиш масаласи кўриб чиқилмоқда, дейилади G7 мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг сешанба, 2 август куни эълон қилинган қўшма баёнотида.

«Биз бир қатор ёндашувларни, жумладан, Россия нефти ва нефть маҳсулотларини денгиз орқали бутун дунё бўйлаб ташиш имконини берувчи барча хизматларни тўлиқ тақиқлаш вариантларини кўриб чиқишни давом эттирмоқдамиз. Нефть арзон нархда ёки халқаро ҳамкорлар билан маслаҳатлашувлар натижасида келишиб олинган нархда сотиб олинган ҳолатлар бундан мустасно», — дейилади ҳужжатда. 

«Еттилик гуруҳи» мамлакатлари ТИВ раҳбарлари, шу билан бир қаторда, «энг заиф мамлакатлар»нинг Россия энергетика бозоридан фойдаланишини таъминлаш имконини берувчи механизмлар кўриб чиқилаётганини таъкидлади.

Россия нефтига чекловчи нархларни жорий этиш ғояси июнь ойи охирида G7 етакчилари саммитида илгари сурилган эди. Шу тариқа, «катта еттилик» давлатлари Москванинг нефть сотишдан тушадиган даромадини чекламоқчи. Германия канцлери Олаф Шольц «еттилик» режасини «жуда амбицияли» ва янада ишлаб чиқишни талаб қилувчи режа деб атади. 
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид