Жаҳон | 16:48 / 03.08.2022
8758
2 дақиқада ўқилади

Яманда сулҳ режими 2 октябргача узайтирилди

БМТ Ямандаги кўп йиллик можарога сиёсий ечим топиш учун музокараларни қайта бошлаш мақсадида ўт очишни доимий тўхтатишга интилмоқда.

Фото: Reuters

Ямандаги можаро томонлари ўт очишни тўхтатиш режимини яна икки ойга, 2022 йил 2 октябргача узайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда БМТнинг Яман бўйича махсус вакили Ханс Грундберг маълум қилди, дея хабар берди Reuters 2 август, сешанба куни.

«Ушбу сулҳни узайтириш томонларнинг кенгайтирилган сулҳ битимига имкон қадар тезроқ эришиш учун музокараларни фаоллаштириш мажбуриятини ўз ичига олади», — дейилади Грундбергнинг баёнотида. Кенгайтирилган сулҳ давлат секторида маошларни тўлаш, йўлларни очиш, пойтахт Санодан парвозларни кенгайтириш ва Ходейда портига мунтазам ёнилғи етказиб бериш механизмини таклиф қилади, деди Грунберг. Бундан ташқари, БМТ «барқарор сиёсий ечим» учун музокараларни қайта бошлаш мақсадида доимий оташкесим жараёнига интилмоқда.

2014 йилда ҳусийлар Яман пойтахти Сано шаҳрини эгаллаб, президент Абд Раббо Мансур Ҳодийни тахтдан ағдарганидан бери Яқин Шарқнинг энг қашшоқ давлатларидан бирида фуқаролар уруши саккиз йилдан бери давом этмоқда. 

2015 йилда Саудия Арабистони ва БАА бошчилигидаги халқаро коалиция Ҳодий ҳукуматини ҳокимиятга қайтариш кампаниясини бошлаган эди. Уруш пайтида 150 000 дан ортиқ одам, шу жумладан 14 500 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди. БМТ бу можарони дунёдаги энг даҳшатли гуманитар инқироз деб атади.

Мавзуга оид