Жаҳон | 11:13 / 04.08.2022
6581
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Россиянинг Оленивка бўйича далилларни сохталаштиришидан хавотир билдирди

Москва Оленивкадаги собиқ колонияда ҳарбий асирларнинг ўлими учун жавобгарликни Украина зиммасига юклашга ҳаракат қилмоқда, деди AP’га АҚШ расмийси. Зарба ўнлаб одамларнинг ўлимига олиб келди, улар ўзини «ДХР» деб эълон қилган ҳудуддан олиб кетилган.

Фото: AP

АҚШ расмийларининг фикрича, Россия ўзини «Донецк халқ республикаси» деб эълон қилган ҳудуд назоратида бўлган Оленивка қишлоғидаги собиқ 120-сонли колонияга қилинган зарбага оид далилларни сохталаштирмоқчи. Бу ҳақда 3 август, чоршанба куни AP агентлигига разведка хизматлари хулосалари билан таниш бўлган исми ошкор этилмаган америкалик амалдор маълум қилди. Америка разведкаси расмийлари Москва 50 дан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган ҳужум учун Украина томони масъул деган таассурот яратишга уринаётганини аниқлади. 

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 3 август куни ташкилот Оленивкадаги украиналик ҳарбий асирларнинг ўлимини текшириш учун экспертлар гуруҳини тайёрлаётганини айтди. Гутерришнинг таъкидлашича, мутахассислар тўсиқсиз кириб чиқишга муҳтож, бу эса можаронинг ҳар икки томонидан таъминланиши керак. 

Собиқ колония ҳудуди 29 июл куни ўққа тутилган. Май ойи ўрталарида Мариуполдаги «Азовстал» заводи ҳудудидан асирга олинган украиналик ҳарбийларнинг бир қисми у ерда сақланган. Оленивкага қилинган ҳужум натижасида 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 70 дан ортиқ киши - россияпараст кучлар маълумотларига кўра - яраланган. 

Россия ва Украина бир-бирини отишмада айблади. Хусусан, РФ Украина ҳарбийлари колонияни ўққа тутиш учун АҚШ томонидан тақдим этилган HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимларидан фойдаланганлигини маълум қилди. Украина ҳарбийлари ушбу аҳоли пунктига ракета ёки артиллерия зарбалари берилганини рад этди. Украина Мудофаа вазирлигининг бош разведка бошқармаси украиналик ҳарбий асирлар сақланадиган жазони ижро этиш муассасаси ҳудудидаги портлаш РФ Мудофаа вазирлиги билан келишмасдан туриб «Вагнер» ХҲК жангчилари томонидан амалга оширилганини даъво қилмоқда.

Расмий Киев ўша куни БМТ ва Халқаро Қизил Хоч қўмитасини (ХҚХҚ) Оленивкага тафтиш миссиясини юборишга чақирди. Кейинроқ Россия Мудофаа вазирлиги БМТ ва ХҚХҚ экспертларини «холис текширув ўтказиш» учун «расмий равишда» воқеа жойига таклиф қилганини маълум қилди. Ўз навбатида, ХҚХҚ уларнинг колонияга ташриф буюриш ҳақидаги сўровига жавоб олмаганини таъкидлади. 

Мавзуга оид