Амалдаги Конституциямизнинг муқаддима қисмида “ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб” конституция қабул қилинганлиги келтириб ўтилган бўлса, 2022 йил 25 июнда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасида “Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат” деган концептуал норма таклиф қилинмоқда. Эътиборимни тортган жиҳатлардан бири, лойиҳада “ҳуқуқий давлат” ғоясининг мазмуни бошқа нормаларда янада ривожлантирилган. Хусусан, энг муҳим масалалардан бири “ҳокимиятлар ваколатлари бўлиниши принципи”нинг Конституция даражасида мустаҳкамланиши ва унинг амал қилинишини олайлик.
Конституциянинг 11-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими — ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади”. Амалда қандай? Конституциямизда ушбу қоидадан келиб чиқиб, Марказий давлат органлари кесимида (қонун чиқарувчи – Олий Мажлис, ижро этувчи – Вазирлар Маҳкамаси, суд тизими – Олий суд) ҳокимиятлар бўлиниши принципи механизми мустаҳкамланган.
Маҳаллий даражада ҳокимиятлар бўлиниши принципини амалга ошириш ёки бошқача айтганда ижро ва вакиллик органи раҳбарлигини алоҳида мустақил шахсларга топшириш масаласи узоқ йиллардан буён илмий ҳамжамиятнинг ҳам, кенг жамоатчиликнинг ҳам муҳокама мавзуси бўлиб келди. Аниқроқ қилиб айтганда, Конституция қабул қилингандан буён ушбу масала актуал бўлиб келмоқда.
2017 йилдан бошлаб ушбу масалага, жиддий ёндашган ҳолда, босқичма-босқич турли ўзгартишлар амалга ошириб келинди. Аниқроқ айтадиган бўлсак:
Биринчидан, 2017 йилгача шаҳарга бўйсунувчи туманларда кенгашлар мавжуд бўлмаган бўлса, 2017 йил 29 августда Конституциянинг 99-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, Тошкент шаҳри туманларида ҳам Кенгашлар иш бошлади. Илк маротаба 2017 йилда Тошкент шаҳар туман Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди.
Иккинчидан, “Кенгаш назорати” институти кучайтирилди. 2017 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-446-сонли Қонунига асосан, ижро органлари раҳбарлари, шу жумладан, соғлиқни сақлаш, адлия, ички ишлар органлари раҳбарлари ва прокурорнинг белгиланган муддатларда Кенгашлар олдида ҳисобот ва ахборот бериш тизими йўлга қўйилди.
Учинчидан, “Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ-636-сон, 14.09.2020 й.) билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишга кўра, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий-техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш вазифаси ҳокимликлар аппаратидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибияти зиммасига ўтказилди.














