Жаҳон | 07:59 / 06.08.2022
11619
3 дақиқада ўқилади

АҚШ, Япония ва Австралия ХХРни Тайван яқинидаги машқларни тўхтатишга чақирди

Уч мамлакат ташқи ишлар вазирлари Пекинни дипломатия ва Тайван бўғозидаги ҳарбий машғулотлардан воз кечишга чақирди.

Фото: AP

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен, Австралия ва Япония ташқи ишлар вазирлари Пенни Вонг ва Хаяши Ёсимаса АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга яқинда қилган ташрифи фонида Хитойнинг баллистик ракеталар учиришини қоралаб, Хитойни ҳарбий машғулотларни тўхтатишга чақиришди. Қўшма баёнот 5 август, жума куни АҚШ Давлат департаменти сайтида эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, Вашингтон, Канберра ва Токио «Хитойнинг халқаро тинчлик ва барқарорликка жиддий путур етказадиган, жумладан, кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказиши билан боғлиқ сўнгги ҳаракатларидан хавотир билдирган». Хитой баллистик ракеталарни учиргач, улардан бештаси Япониянинг махсус иқтисодий зоналарига келиб тушди, бу эса Ҳинд-Тинч океани минтақасида кескинлик ва беқарорликнинг кучайишига олиб келди, дейилади баёнотда. 

Бундан ташқари, уч мамлакат ташқи ишлар вазирлари «Тайван бўғозида тинчлик ва барқарорликни сақлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқладилар» ва «нотўғри позициядан қочиш учун минтақанинг дипломатияга интилишини қўллаб-қувватлашларини» эълон қилишди. 

Нэнси Пелоси 2 август куни Тайванга бир кунлик ташриф учун учиб келди. У 25 йил ичида Пекин мустақиллигини тан олмайдиган ва Хитой провинцияларидан бири деб ҳисобланган оролга ташриф буюрган АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг биринчи спикери бўлди. 

Оқ уй ва Пелосининг ўзи Тайванга ташриф Вашингтон мустақиллигини тан олмайдиган Тайванга нисбатан АҚШ сиёсатининг ўзгаришини англатмаслигини таъкидлади. Расмий Пекин шунга қарамай, бундай ташрифни кескин танқид қилди ва Пелоси кетганидан кейин Хитой армияси орол ҳудудида аввал эълон қилинган ҳаво ва денгиз ҳарбий машғулотларини бошлади. Тайван Мудофаа вазирлиги Хитой манёврларини ўта провокацион деб атади ва ерусти ракета тизимлари жойлаштирилишини эълон қилди. 

Пекин америкалик сиёсатчи ташрифидан сўнг Тайван билан савдо-сотиқни қисман тўхтатди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ХХР АҚШ билан иқлим ўзгариши, гиёҳванд моддаларни назорат қилиш, трансмиллий жиноятчилик, жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ноқонуний муҳожирларни ватанига қайтариш каби қатор соҳаларда ҳамкорликни тўхтатаётганини маълум қилди. Хитой Пелосининг ўзига ва унинг оила аъзоларига «Хитойнинг ички ишларига аралашгани» ва «мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини» бузганини айтиб, санкциялар киритди.

Мавзуга оид