АҚШ Сенати инфляцияга қарши курашга қаратилган 434 млрд долларлик йирик давлат ёрдами чора-тадбирлар пакетини маъқуллади. 7 август, якшанба куни қонун лойиҳасини қабул қилиш учун 101 кишидан 51 нафари овоз берди. Ҳал қилувчи овозни АҚШ вице-президенти Камала Харрис берди.
Тахминан 370 млрд доллар энергия хавфсизлиги ва иқлимни муҳофаза қилиш, шунингдек, бир қатор солиқ имтиёзларига йўналтирилади. Яна 64 млрд соғлиқни сақлаш соҳасидаги ташаббусларга, хусусан, дори-дармонлар нархини пасайтиришга йўналтирилади. Бундан ташқари, қонун лойиҳаси корпорациялар учун солиқ назоратини кучайтиришни назарда тутади.
Қонун лойиҳасининг Сенат томонидан маъқулланиши АҚШ президенти Жо Байденнинг катта ғалабаси сифатида баҳоланмоқда, у бундан бир ярим йил аввал президентликка киришганида катта ислоҳотларни ваъда қилган, бироқ ҳозирча уларни амалга ошира олмаганди. Демократларга кўра, қонуннинг қабул қилиниши бу йилги сайловларда Конгрессда кўпчилик ўринни сақлаб қолиш имконини беради.
Оқ уй раҳбари Сенат қарорини олқишлади. «Бу кўплаб муросаларни талаб қилди. Вакиллар палатаси қонун лойиҳасини имкон қадар тезроқ қабул қилиши керак ва мен уни имзолашни интиқлик билан кутмоқдаман», - деди Оқ уй раҳбари. АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида овоз бериш 12 августга белгиланган.












