Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳудудларда ўтказилаётган соғломлаштириш акциялари ана шундай беморларга катта енгиллик бермоқда.

Вазирлик марказий аппарати жамоаси, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари ва шифокорлари, тиббиёт олий ўқув юртлари олимлари, жами 150 нафардан иборат махсус гуруҳнинг бу галги геолокацияси Сирдарё вилояти бўлди.

Таҳлилларга кўра, бугун Сирдарё вилоятида энг кўп тарқалган касалликлар орасида нафас олиш тизими аъзолари хасталиклари юқори ўринда туради. Кейинги ўринларни эса қон ва қон яратиш аъзолари касалликлари, овқат ҳазм қилиш, юрак-қон томир тизими хасталиклари банд этган. Бу каби касалликларни даволаш, соҳага доир масалаларни тизимли ва манзилли ҳал этиш учун, аввало, аҳолининг бу борадаги муаммоларини ўрганиш ҳамда уларга ижобий ечим топиш каби қатор чора-тадбирлар талаб этилади.

Гулистон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси – биринчи манзил

Дастлаб Гулистон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида муаммоли масалалар билан келган мурожаатчиларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари қабул қилди. Тадбир давомида аҳоли мурожаатлари тингланиб, муаммоли масалаларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. 

12 ёшда орттирилган дардга 33 ёшда чора топилди

Ўз муамммосига ечим топган бир шундай фуқаролардан бири Дилбар Қўшоқова — 1989 йилда туғилган. Гулистон шаҳрида яшайди. 3 нафар фарзанди бор. Ушбу аёлни 12 ёшлигидаги дард ҳамон қийнайди. Унинг айтишича, болалигида ерга қаттиқ йиқилиши туфайли оёқ суяги ёрилган.  

Оқибатда суяк емирилиб, оқсоқлик бошланган. Бироқ моддий имкони йўқлиги сабабли ўз вақтида даволана олмаган. Натижада беморнинг аҳволи йиллар давомида янада оғирлашади. Айниқса, аёл учинчи фарзандини дунёга келтиргач, касаллик янада зўрайган. Қабулда вазирлик мутасаддилари унинг мурожаатларига қулоқ тутди. Беморга давлат ҳисобидан бепул протез қўйилиб, даволанадиган бўлди.