Шахмат азалдан фаол ўйнаб келинган бўлса-да, мунтазам халқаро мусобақалар XIX асрга келибгина ўтказила бошлади. Улар ҳар сафар турлича тартибда бўлаверар, кўпинча ҳамма йиғилгандан кейин иштирокчилар сони ва талабига кўра турнир қоидалари белгилаб олинарди. Айрим жамоавий турнирларда барча ўйинчилар ўз жамоадошларининг ўйинларига ҳам аралашиш ҳуқуқига эга бўлган ва кўп ҳолларда жамоадаги бир кучли шахматчи тахтадан тахтага ошиб умумий ғалабани илиб кетаверган.
1886 йилда америкалик Вильгельм Стейниц яна бир шахмат устаси полшалик Иоганн Цукертортни мағлуб қилади ва ўйин шартига кўра жаҳон чемпиони унвонига эга бўлади. Айнан мана шу санадан сўнг дунёнинг энг кучли шахматчиси ким деган савол тобора баланд янграй бошлайди ва турнирлар жиддий тус олади.
Ўша пайтдаги ёзилмаган қоидаларга кўра, жаҳон чемпиони рақибни ўзи танлаш, соврин жамғармаси, ўтказиладиган ҳудудни ҳам шахсан белгилаш ҳуқуқига эга эди. АҚШлик шахматчи Стейниц россиялик Михаил Чигориннинг чақириғини қабул қилади ва 1889, 1992 йилларда икки марта ғолиб бўлади. Аммо Стейницдан ҳам кучли шахматчи пайдо бўлади. 1894, 1897 йилларда германиялик Эмануил Ласкер уни мағлуб этади.

Айнан Ласкернинг шахматдаги ўрни беқиёс. Чунки у ўта кучли шахматчи бўлиш билан бирга, турнирларда маълум талаб ва тартиб ўрната олади, муаллифлик ҳуқуқига амал қилинишига, шахматчилар гонорари юқори бўлишига, шу тарзда улар тирикчилик ташвишидан қутулишига ҳаракат қилади. Чунки ундан олдинги жаҳон чемпиони Стейниц қашшоқликда вафот этганди. Ласкер 27 йил давомида жаҳон чемпиони унвонини сақлаб туради ва шахмат афсоналаридан бирига айланади.
1924 йилда Халқаро шахмат федерацияси(ФИДЕ)га асос солинади ва шундан кейин бутун дунё бўйлаб дона сураётган миллионлаб ишқибозлар маълум умумий қоидалар билан таниша бошлайдилар. Йирик давлатларнинг барчасида шахматга оид алоҳида нашрлар чоп этилади, етакчи газеталар бу ўйин вазифалари кўрсатилган алоҳида рукнлар ташкил этишади.
Айнан шу 1924 йилда бўлиб ўтган Париж олимпиадасида шахмат ўйинлари ҳам ташкиллаштирилади. Аммо саралаш турнирлари бўйича аниқ регламент ишлаб чиқилмагани, ҳаваскорлар ва профессионаллар мақомига аниқлик киритилмагани учун кўплаб англашилмовчиликлар келиб чиқади. Шунга қарамай латвиялик Герман Матисон турнир ғолиблигини қўлга киритади. Парижда ФИДЕга президент ҳам сайланади – голландиялик Александр Рюб федерацияни бошқаришга киришади.















