АҚШ Лукашенко режимининг 100 нафар амалдорига нисбатан виза чекловлари жорий қилди
Лукашенко режимининг 100 нафар амалдорига Беларусда «демократияга ўтишга тўсқинлик қилгани учун» АҚШ визаси чекловлари жорий этилди.
АҚШ Беларус раҳбари Александр Лукашенко режимининг 100 нафар амалдори ва унга алоқадор шахсларга Беларусда «демократик институтларга путур ва зарар етказиш ёки демократияга ўтишга тўсқинлик қилишда иштирок этгани учун» виза чекловлари жорий қилмоқда. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг 9 август, сешанба кунги баёнотида айтилади. Бу изоҳ Беларусда 2020 йил август ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларидан кейин бошланган норозилик намойишларининг икки йиллиги муносабати билан қилинган.
АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, гап Лукашенко маъмурияти, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ), Марказий сайлов комиссияси, Бош прокуратура, Тергов қўмитаси, Транспорт вазирлиги, Беларуснинг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бош бошқармасидаги амалдорлар, шунингдек, юқори мартабали ҳарбийлар ҳақида бормоқда. Ушбу чора-тадбирлар Белтелерадиокомпанияси, «Иккинчи миллий телеканал» ходимларига ҳам таъсир кўрсатди.
Санкцияга тушганлар, жумладан, қийноқлар, тинч намойишчиларни зўравонлик билан ҳибсга олиш, журналистларга ҳужум қилиш, сайловларни сохталаштириш ва сиёсий маҳбусларни сиёсий сабабларга кўра ҳукм қилишда иштирок этган, дея маълум қилди Америка ташқи сиёсат идораси.
2020 йилдаги сайловлардан бери АҚШ Давлат департаменти жами 297 кишига виза чекловлари жорий этиш чораларини кўрди.
Айни пайтда, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел алоҳида баёнот бериб, Евроиттифоқ Беларусга «демократик ўтиш» амалга ошиши биланоқ «3 миллиард евролик кенг қамровли иқтисодий қўллаб-қувватлаш режаси»ни сафарбар қилишга тайёрлигини айтди. «Бу бизнинг тинчликка, демократик интилишларга ва беларус халқининг фаровонлигига узоқ муддатли садоқатимизни яққол кўрсатади», — деди у.
«Биз Беларусда зўравонлик қўллаганликда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз, бунда инсон ҳуқуқлари бузилишига оид далилларни тўплаш ва сақлаш ҳисобга олинади. Биз Лукашенко режими қурбонларини ҳам, унинг ўтмишдаги ва ҳозирги жиноятларини ҳам унутмаймиз», деди Европа дипломатияси раҳбари.
У, шунингдек, Минскдаги режимнинг Россиянинг Украинага қарши урушидаги ролини қоралади. «Россия Украинага қарши асоссиз босқинчилик урушини бошлаганида, Лукашенко режими Беларус халқининг мутлақ кўпчилиги иродасига қарши Путиннинг шеригига айланиб, РФга Беларус ҳудудидан Украинага бостириб кириш, ракеталарни учириш учун фойдаланишга рухсат берди, Москвага тўлиқ сиёсий ва моддий-техник ёрдам кўрсатди. Энди режим урушга қарши чиққан беларусларни таъқиб қилмоқда», - деди Боррел.
Беларусда 2020 йил 9 августда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди. Ўз навбатида, МСК Александр Лукашенкони сайловлар ғолиби деб эълон қилди. Митинглар давомида минглаб одамлар яраланди, ҳибсга олинди ва ушланди, улар орасида кўплаб журналистлар ҳам бор эди.
Мухолифат ҳокимиятни топшириш учун Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузди, аммо кейинроқ МК президиумининг барча аъзолари ё ҳибсга олинди ёки хорижга чиқиб кетди. Евроиттифоқ, Швейцария, АҚШ, Канада ва Буюк Британия Беларусдаги ҳукмрон режимга қарши санкциялар киритди.
Мавзуга оид
22:03 / 12.11.2024
АҚШ ҳукумати НУЖ бўйича баъзи маълумотларни ошкор қилиши мумкин
16:55 / 12.11.2024
Трамп миллионлаб мигрантларни депортация қилишни режалаштирмоқда — ОАВ
09:15 / 12.11.2024
АҚШ Сурияда эронпараст гуруҳлар объектларига зарба берди
20:49 / 11.11.2024