Ижтимоий тармоқларда Россиянинг Пермь шаҳридаги ўзбек диаспораси раҳбари Жаҳонгир Жалолов ўз ватандошларини Украинадаги урушга жалб қилаётгани акс этган видеолар тарқалмоқда.

«Фарзандларимиз боғчаларга қатнайди, мактаблар ва университетларда ўқийди. Биз Россияда яшаймиз ва ишлаймиз. Биз еяётган нонимизни оқлашимиз шарт. Мен кўнгиллилар батальони ташкил этиш ва уни буюк Амир Темур номи билан аташни таклиф қиламан. Ва Россиянинг Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш бўйича махсус ҳарбий операциясини қўллаб-қувватлашга чақираман», дейди у.

У ватани Россия экани ва Россия Федерациясига хизмат қилишини таъкидлайди.

Жаҳонгир Жалолов / Фото: newsko.ru

Ўзбекистон қонунчилиги бу ҳақда нима дейди?

Ўзбекистон фуқароларининг чет давлатлар ҳарбийлашган ва куч ишлатар тузилмаларига хизматга ёлланиши жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Хусусан, Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра, низолашаётган давлат фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирор шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб ҳарбий ҳаракатларда қатнашиши беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, ушбу моддада ёлланма шахсни ўқитиш ёки моддий таъминот бериш учун ҳам жавобгарлик мавжуд.

Кодекснинг 154-1-моддасида эса, хорижий давлатларнинг ҳарбийлашган органларига хизматга кириш учун жавобгарлик белгиланган.

Миграция агентлиги огоҳлантирди

Миграция агентлиги Россияда ўзбек диаспораси Украинага қарши батальон тузаётганига муносабат билдирди.