Маълум бўлишича, шу йилнинг 4 июль куни Фарғона вилоят Экология бошқармасига Ўзбекистон тумани «Қирқкетмон» МФЙ ҳудудида манзарали дарахтлар кесилаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Бошқарма ходимлари воқеа жойига етиб борганида туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари дарахтларни кесишаётгани устидан чиқишган.
Ўрганишлар натижасида ҳудудда 48 туп кўп йиллик сосна, 9 туп шумтол ва 30 тупдан ортиқ мевали дарахтлар остидан кесилгани аниқланган. Ўсимлик дунёсига етказилган зарар эса 856 500 000 сўмни ташкил қилган.
Фарғона вилояти «Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ маълумотига кўра, «Қирқкетмон» МФЙ раисининг 20 июнь кунги алоқа хатига асосан, туман электр таъминоти корхонаси томонидан 2022 йил 4 июль куни 966-сонли наряд чиқарилган. Мурожаат асосида ҳудудни электр энергияси билан таъминловчи 10 кВли «Тутзор-1» электр узатиш тармоғи муҳофаза зонасига тегиб турган дарахт шохлари тозаланиши белгиланган. Дарахт кесиш жараёнида маҳалла раиси ҳамда ҳудудда яшовчи фуқаролар томонидан ноқулай об-ҳаво вақтида мазкур тармоқда аварияли узилишлар бўлаётгани, жумладан шамол вақтида дарахтлар эгилиб, тармоққа тегиши натижасида ёнғин келиб чиққани, бу эса инсон ҳаётига хавф солиши мумкинлиги таъкидланган.

Маълум бўлишича, 2016 йилда шу ҳудудда яшаган марҳум М.М. дарахт шохи синиб тушиши оқибатида кучланиш остига (токка) тушиб вафот этган. Маҳалла фаоллари томонидан бундай ҳолатлар қайта содир бўлмаслиги учун дарахтларни остидан кесиб ташлаш сўралган.
Ўзбекистон ТЭТК раҳбари Жасур Мелиев Kun.uz мухбири билан суҳбатда дарахт кесилиши ҳолатини электр линияси атрофидаги 10 метр бўлган муҳофаза зонасини бўшатиш билан изоҳлади.
«Қирқкетмон» МФЙ раиси дарахтларни бутаб беришларини сўраб хат чиқарган эди. 2016 йилда фуқаролардан бири шу дарахтлар сабаб вафот этгани учун аҳоли ташвишда яшаган. Чунки дарахт шохлари тармоқнинг симлари орасигача кириб кетган.

«Маҳаллада болалар боғчаси жойлашган. Ёғингарчиликда кучланиш ерга ўтиб кетса, фуқаролар билан бирор кор-ҳол рўй берса, қарорлар ижроси таъминланмагани учун мен айбдор бўламан. Бундай ҳолатда экология бир четда қолиб кетади», — деди ТЭТК раҳбари Жасур Мелиев.
Ж.Мелиев дарахтларни кесишдан олдин Экология бошқармасини огоҳлантирмаганини тан олди.















