Жаҳон | 11:20 / 10.08.2022
10396
2 дақиқада ўқилади

Японияда янги ҳукумат тузилди

Фумио Кишида ҳукуматидаги ўз лавозимларини, ўзгаришлардан сўнг, ТИВ ва Молия вазирлиги раҳбарлари Ёшимаса Хаяши ва Шуничи Сузуки сақлаб қолди. Ясуказу Ҳамада мамлакатнинг янги мудофаа вазири бўлди.

Япония ҳукумат биноси

Япония вазирлар маҳкамаси бош котиби Хироказу Мацуно 10 август, чоршанба куни мамлакат ҳукуматининг янги таркибини эълон қилди. Кутилганидек, ТИВ раҳбари Ёшимаса Хаяши ва молия вазири Шуничи Сузуки ўз лавозимларини сақлаб қолди. Мацуно, шунингдек, иқтисодий тикланиш вазири Даиширо Ямагива каби ўз вазифасини бажаришда давом этади, деб хабар берди Kyodo агентлиги.

2008 йилдан 2009 йилгача тегишли лавозимни эгаллаб келган Ясуказу Ҳамада Япония мудофаа вазири этиб тайинланди. Шу пайтгача коронавирусга қарши кураш учун масъул бўлган, собиқ иқтисодий ривожланиш вазири Ясутоши Нишимура иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири бўлди. Шунингдек, у Россия билан иқтисодий алоқалар учун масъул вазир лавозимини эгаллади. 

Аввалроқ, 10 август куни бош вазир Фумио Кишида вазирлар маҳкамасидаги ўзгаришларни амалга ошириши арафасида аввалги ҳукумат истеъфога чиққан эди. Аввалига парламентнинг кузги сессияси очилиши арафасида, сентябр ойи бошида вазирлар маҳкамаси қайта ташкил этилиши режалаштирилган эди, бироқ Кишида аҳоли томонидан қўллаб-қувватланиш даражасининг пасайиши фонида лавозимларни қайта тақсимлашни тезлаштиришга қарор қилди. 

NHK телеканалининг шу ҳафта бошида эълон қилинган сўровига кўра, Япония ҳукуматини қўллаб-қувватлаш Кишида 2021 йил октябр ойида лавозимга келганидан бери энг паст даражага тушди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид