Бундай манёврлар россияликлар феврал ойидаёқ эгаллаб олинган Херсон ва унинг атрофидаги ҳудудларни Украина армияси томонидан эълон қилинган қарши ҳужумдан ҳимоялаш истагини англатиши мумкин.

Жанубдаги янги гуруҳ катта ва жуда кўп десант бўлинмаларни ўз ичига олган, мудофаада мотоўқчилар ўрнига бундай бўлинмалардан фойдаланиш у қадар оқилона қарор бўлмайди.

Бу тез орада Россиянинг Украинага қарши урушидаги асосий ҳарбий ҳаракатлар театри Донбассдаги ялангликлардан жанубдаги даштларга, Днепр дарёсининг қуйи оқимининг икки соҳилидаги ҳудудларга кўчиши мумкинлигини англатади.

Бу йўналишда тез кунларда фаол ҳарбий ҳаракатлар бошланиб кетиши ва бутун урушга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу билан бирга Донбассдаги ҳарбий ҳаракатлар ҳам тўхтамаяпти ва украин пиёдалари Россия артиллериясининг доимий зарбалари остида қолмоқда.

Бу ҳужумкор гуруҳми?

Фото: AFP

Россия Харкив атрофидаги ва Донбассдаги қўшинларнинг бир қисмини кўчираётгани ҳақида 28 июл куниёқ ҳарбий шарҳловчи,  «Ахборий қаршилик» гуруҳи координатори Константин Машовец хабар берганди.

Унинг сўзларига кўра, июл ойи охирида россияликлар Шарқий ҳарбий округ бўлинмаларини Херсон ва Запорижжя областларига қайта жойлаштирган.

Хусусан, гап уруш бошида Киевга бостириб кирган 35-қўшма армияси қисмлари ҳақида кетмоқда: айнан унинг 64-мотоўқчилар бригадаси март ойида Бучани ишғол қилган ва айнан шу ерда ҳарбий жиноятлар содир этишда айбланган.

Кейинроқ бу 35-армия Харкив областининг Изюм шаҳри остонасидаги жангларда иштирок этган.

«Шахсан мен учун, масалан, РФ Қуролли кучлари Шарқий округи 35-қўшма армияси ҳаракатга келтирилиши ва қўлланиши ўзига хос маънога эга - бу уларнинг бош штаби эътиборини қаерга қаратганини кўрсатади», - деган Константин Машовец.

«Узоқ шарқ» бригадаларидан ташқари, россияликлар Украина жанубига жами сони 10 минг атрофидаги ҳарбийни ташкил этувчи ҳаво-десант бўлинмаларининг катта қисмини ҳам ташламоқда.