Германия Ер тадқиқотлари марказининг “Марказий Осиёда сув” лойиҳаси раҳбари, Берлиндаги Ҳумболдт университети доценти Аброр Ғафуров Kun.uz билан суҳбатда Марказий Осиёда сув ресурслари тақчиллиги вужудга келиши сабаблари, Ўзбекистон учун сув манбаларининг аҳамияти, иқлим ўзгаришининг тоғ музликларига таъсири ҳақида маълумот берди.
“Июль-август ойларида сув ресурсларининг кескин камайиб кетиши кутилмоқда”
— Марказий Осиёда сув ресурслари тақчиллигининг вужудга келишига иккита омил таъсир ўтказмоқда. Биринчиси, бу иқлимнинг ўзгариши бўлса, иккинчиси, аҳоли сони ошиб боришидир.
Иқлим ўзгариши оқибатида сув ресурслари ҳосил бўлиш жараёни ўзгариб бормоқда. Жазирама иссиқ туфайли меъёридан ортиқ буғланиш ҳосил бўлиши бунга бир сабаб бўлса, тоғлардаги мавсумий сув захиралари йилдан йилга камайиб бораётгани иккинчи муҳим омилдир.
“Ўзгидромет”нинг кузатув маълумотларига асосланган ҳолда олиб борган илмий ишларимиз натижасига кўра, биргина Тошкент шаҳрида охирги 100 йил ичида июль ойидаги максимал ҳаво ҳарорати қарийб 2° С га ошган. Бу жуда катта кўрсаткич ва ҳудудимиздаги сув ресурслари ҳосил бўлиш жараёнига таъсир кўрсатмай қолмайди. Бир неча йилдан буён кўп маърузаларимда келажакда июль-август ойларида сув ресурслари кескин камайиб кетиши тўғрисида гапириб келаман. Ҳозир шу жараённинг бошланғич нуқтасида турибмиз. Мақсадим – салбий маълумот тарқатиш эмас, балки илм-фан орқали аниқлик киритишга муваффақ бўлинган иқлим ўзгаришининг салбий таъсирларидан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш. Умуман олганда, муаммони яшириш унга қадам қўйиш билан тенг бўлади.
Ўз навбатида, юқоридаги иккинчи омил биринчи омил билан боғлиқ. Яъни аҳоли сони кўпайиб борар экан, сувга хам талаб ортиб бораверади. Сув миқдори камайиб кетаётган бир пайтда унга бўлган талаб аҳоли сонининг кўпайиши оқибатида ошиб бораверса, сув тақчиллиги янада яққол муаммо сифатида намоён бўла бошлайди.
“Сув ресурслари тақчиллиги нафақат озиқ-овқат хавфсизлигига, балки аҳоли бандлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатади”
— Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги секторидан олинадиган даромад умумий ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 25 фоизини ташкил қилади. Республикада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, ёз ойлари қуруқ ва ёғингарчиликсиз кечиши боис, суғориш тизимига қаттиқ боғланган. Мана шу фактнинг ўзи ҳам сув ресурсларининг аҳамияти қай даражада муҳимлигидан далолат беради.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги сектори аҳолининг тахминан 25-30 фоизини иш билан таъминлайди. Бундан келиб чиқилса, сув ресурслари нафақат озиқ-овқат хавфсизлигига, балки аҳоли бандлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон учун ягона йўл келажакда бизни кутаётган сув ресурслари билан боғлиқ шароитга вақтида тайёрланишдир.

















