10:21 / 12.08.2022
3433

Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 8,8 фоизни ташкил этди

Ўзбекистонда 2022 йил январ-июн ойларида ишсизлик даражаси 8,8 фоизни ташкил этиб, ўтган йил шу даврига нисбатан 0,9 фоизга камайди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабарига кўра, 2022 йил 1 июн ҳолатида меҳнат ресурслари сони 19,4 млн кишини ташкил этиб, 2021 йил шу даврига нисбатан 0,8 фоизга ёки 153,7 минг кишига ошган.  

Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13,7 млн кишини ташкил этиб, ўтган йил мос даврига нисбатан 1,9 фоизга ёки 261,3 минг кишига ошган.  

1 июн ҳолатида расмий секторда банд аҳоли сони 6 млн кишини ташкил қилиб, 2021 йил шу даврига нисбатан юридик шахсларда банд бўлганлар сони 4,1 фоизга ёки 240,6 минг кишига ошгани кузатилган.

Норасмий секторда банд бўлганлар сони 5,6 млн кишини ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 8,2 фоиз ёки 507,5 минг кишига камайган.

Хорижий давлатларга ишлаш учун кетганлар 2 млн кишини ташкил этиб, ўтган йил мос даврига нисбатан 528,2 минг кишига ошиши норасмий бандларни камайишига сабаб бўлган.

Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ишга муҳтож бўлганлар умумий сони 1,3 млн кишини, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 8,8 фоизни ташкил этди. 16-30 ёшгача бўлганлар орасида ишсизлик даражаси 14,5 фоиз, аёллар орасида ишсизлик даражаси эса 12,8 фоиз бўлди.

Top