Жаҳон | 10:31 / 12.08.2022
7740
3 дақиқада ўқилади

The Washington Post: Украина махсус кучлари Қримдаги авиабазани портлатиб юборган

Саки ҳарбий аэродромига қилинган ҳужум русларнинг Украина жануби устидан назоратни сақлаб қолиш қобилиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Фото: Reuters

Босиб олинган Қримдаги Россия авиабазасига кучли ҳужум Украина махсус кучлари томонидан амалга оширилган. Бу ҳақда 12 август, жума куни Американинг The Washington Post газетаси украиналик амалдор томонидан номини ошкор қилмаслик шарти билан тақдим этилган маълумотларга асосланиб хабар берди. У операция тафсилотларини маълум қилмаган. 

Украина ҳаво кучларининг чоршанба кунги баёнотига кўра, базада камида тўққизта рус ҳарбий самолёти йўқ қилинган. Агар бу маълумот тасдиқланса, Сакидаги йўқотишлар Россия ҲҲКнинг бир кун ичида қайд этилган энг катта йўқотишларига айланади. Натижада, Москва учун Украина шаҳарларига ҳужум қилиш қийинлашади. 

Ҳужум, шунингдек, руслар учун узоқ муддатли истиқболда Украина жанубида назоратни сақлаб қолиш қийин бўлиши эҳтимолини ошириши мумкин. 

Агар Қрим кейинги ҳужумларга қарши ҳимоясиз бўлса, Россия яриморол босиб олинган ҳудудининг Кремль эришиб бўлмайдиган ва у ерда ўзини хавфсиз ҳис қилган қисмини ҳимоя қилишга мажбур бўлади. Таъминот билан боғлиқ муаммолар ҳам бўлиши мумкин, деди Украина собиқ мудофаа вазири, ҳозирда Украина Мудофаа стратегиялари мустақил таҳлил маркази раҳбари Андрей Загороднюк. 

Базадаги портлашларга айнан нима сабаб бўлгани ҳақида фақат тахминлар мавжуд. Айрим ҳарбий экспертлар зарбани дрон амалга оширган деб гумон қилмоқда. Учувчисиз учар қурилма база яқинида яширинган тезкор ходимлар томонидан юборилган бўлиши мумкин. 

Мутахассислар томонидан илгари сурилган яна бир версия - қаршилик ҳаракати вакиллари томонидан портловчи моддаларни жойлаштириш. Ракета бундай зарар келтириши мумкин эди, бироқ Украинада керакли масофадаги снарядлар борлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. 

9 август куни портлашлар содир бўлган Саки шаҳри яқинидаги Новофедоровка ҳарбий аэродроми энг яқин фронт чизиғидан 200 километр узоқликда жойлашган ва америкалик расмийларга кўра, у ерда ҳеч қандай АҚШ қуроли ишлатилмаган. Шунга кўра, Қримдаги объектларга қарши зарбалар учун HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимларидан фойдаланилгани бўйича баёнотлар асоссиз дейилган. Аммо қаршилик ҳаракати жангчилари асосий нишонларни, масалан, таркиблар ва қўмондонлик пунктларини аниқлашда муҳим рол ўйнаган бўлиши мумкин, деб ёзади The Washington Post. 

Новофедоровка қишлоғи яқинидаги Саки ҳарбий аэродромидан РФ Мудофаа вазирлиги авиабазаси сифатида фойдаланилади. Самолётлар ва вертолётлар, жумладан, денгиз авиацияси ҳам шу ерда жойлашган. Бундан ташқари, денгиз авиацияси самолётларининг учиш ва қўнишини машқ қилиш учун синов ўқув мажмуаси мавжуд. 

Украина ОАВнинг ёзишича, аэродромдан бир неча бор Украина ҳудудига зарба берган самолётлар фойдаланган. 

Мавзуга оид