Қирғизистондаги Маслаҳатлашув учрашувида имзоланган келишув Марказий Осиё минтақасида янги геосиёсий вазият шаклланганини урғуловчи ҳужжатдир. Лекин минтақада ўз таъсирини сақлаб қолишни истаётган халқаро ўйинчиларни ҳам унутмаслик лозим. Бундан ташқари, инсонлар, ғоялар, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланишига йўл очадиган ҳақиқий интеграцияга етиш учун жудаям кўп иш қилиниши керак, дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.
Kun.uz мухбири сўнгги вақтларда фаоллашаётган Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги интеграцияга интилиш жараёнлари, бу борадаги муаммо ва ечимлар, унинг сиёсий оқибатлари мавзусида сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан суҳбатлашди.
— Сизнингча, минтақадаги бу фаоллашувга нималар туртки бўлмоқда: уруш ва унинг оқибатларими ёки бошқа сабаблар борми?
— Ҳали минтақада тўлақонли интеграция ҳақида гапириш имконсиз. Лекин 2016 йилдан кейин муносабатлар илиқлашди. Россия–Украина уруши бу ерда энг катта сабаб. Уруш фонида рус сиёсатчилари томонидан иттифоққа нисбатан ижобий қараш ёки қўшнилари билан муносабатларнинг чигаллашуви кузатилмоқда. Шу сабабли Марказий Осиё минтақасининг геосиёсий тафаккурида катта фундаментал ўзгариш бўляпти. Унга қадар минтақа давлатлари ўртасида ишончсизлик ва рақобат руҳияти жуда кучли эди. Бугун ҳамкорлик қилишга маҳкуммиз ва мажбурмиз деган фикр шаклланди.
Марказий Осиё давлатларида янги тафаккур шаклланишининг биринчи сабаби ҳокимиятлар алмашинуви дейишимиз мумкин, хусусан Ўзбекистондаги ҳокимият алмашинуви.
— Хабарингиз бор, 21 июл куни Иссиқкўлда навбатдаги Маслаҳатлашув учрашуви бўлиб ўтди. Интеграцияни хоҳлаётган ёки унга интилаётганлар учун учрашув формати жуда содда эмасми? Масалан, уни муҳимроқ саммит ёки бошқача шаклда ўтказиш мумкинмиди?
— Бугунги кунда кун тартибида турган масала – ўзаро ишонч муҳитини шакллантириш, деб ўйлайман. Чунки интеграция учун аввало уни англаш ва интеграцияга имкон берадиган сиёсий ва геосиёсий муҳит керак. Бугун ташқи таҳдидлар шаклланиб бўлди.
Интеграция учун алоҳида ташкилот тузилмаётгани вақт масаласи бўлса керак. Айни вақтда ташқи дунёда минтақада интеграция бўлишидан манфаатдор бўлмаган, уни ўз оталиғида ушлашни хоҳлайдиганлар бор. Шунинг учун минтақа давлатлари эҳтиёткорликда, лекин изчиллик билан интеграцияга йўл очадиган қадамлар ташлаяпти.










