Қарши шаҳрида терини қайта ишлаш корхонасидан чиқаётган нохуш ҳид сабаб корхона яқинида яшовчи эркак ўзига ўт қўйди. Kun.uz мухбири воқеага сабаб бўлган омиллар ва эркакнинг ҳозирги ҳолатини билиш мақсадида Қашқадарё вилоятида бўлди.

Алишер Раҳмонов Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига олиб келинган, айни вақтда шифохонанинг жонлантириш бўлимида.
У биз билан суҳбатда то ўзига ўт қўйгунча бўлган жараёнда корхона фаолиятидан норозилигини билдириб, кўплаб ташкилотларга мурожаат қилгани, бироқ натижа бўлмаганини айтди.


Раҳмоновнинг айтишича, у «Qarshi Leather» МЧЖ раҳбарлари билан бир неча маротаба суҳбатлашишга ҳаракат қилган, бироқ унга қўпол муомала қилишган. Вазиятни ўрганиш учун келган масъул ташкилотларни ҳам кўпинча эшикдан киргизишмаган. Масала шу даражага бориб етганки, арз ва шикоятлари сабаб корхона раҳбари Раҳмоновни қаматиб юбориш билан босим ўтказганини айтмоқда.
Алишер Раҳмонов гарчи тирик қолган бўлса-да, ўзига ўт қўйганидан афсусда эканини билдирди. Уч нафар ёш боласи борлиги, уларнинг ҳолати, дори-дармонлар ва шифохонадан чиққандан сўнг ҳам бир умрга оғир асоратлар сақланиб қолишидан хавотирда эканини маълум қилди.

Беморнинг турмуш ўртоғи Манзура Раҳмонова ҳам ўша куни унинг ёнида бўлган. Аёл эрининг ўзига ўт қўйиш нияти борлигидан бехабар бўлганини билдирди.
Раҳмонова ҳам эрининг гапларини тасдиқлаб, нохуш ҳид сабабли уйларига меҳмон келмаслиги, фарзандларида аллергик касаллик борлиги ва тарқалаётган қўланса ҳид уларнинг соғлиғига салбий таъсир қилаётганини айтди.

Навбатчи шифокор Миржаҳон Қамбаров беморнинг танаси 45-50 фоизга куйганини маълум қилди. Унинг айтишича, Раҳмонов 15 август куни олиб келинган вақтда аҳволи ўта оғир бўлган. Муолажалар беморга қандай таъсир қилишига қараб, ўртача 7-10 кун давомида у жонлантириш бўлимида қолади.









